Жорий йил 27 декабрь куни Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган шаҳар-туман бош имом-хатиблари иштирокида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Инсон қадри" номли китоблари тақдимоти ўтказилди.
Китоб тақдимотида вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов томонидан ушбу китобда ислом таълимотига кўра инсоннинг ҳақиқий қадри унинг ташқи кўриниши, бойлиги ёки мансаби билан эмас, балки қалб поклиги, нияти, одоб-ахлоқи ва эзгу амаллари билан ўлчаниши Қуръон ва суннат асосида ёритиб берилганлиги, асарда инсон қадри, тарбия, илм-маърифат, соғлом турмуш тарзи, ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарнинг ҳаётдаги ўрни содда ва халқчил услубда баён этилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Андижон вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.
Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:
Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;
Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;
Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.
Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати