Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

Озодалик ва кўркамлик фидойиларига эҳтиром кўрсатилди

30.12.2025   58363   2 min.
Озодалик ва кўркамлик фидойиларига эҳтиром кўрсатилди

Инсон қадри улуғланаётган Янги Ўзбекистонда одамларни ҳаётдан рози қилиш, ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда турли соҳа вакилларига эҳтиром кўрсатиш муҳим вазифа этиб белгиланган. 

Айниқса, ён-атрофимизни обод ва озода қиладиган касб эгаларини қадрлаш — инсонпарвар жамиятнинг асосий белгисидир.

Шу мақсадда, 30 декабрь куни  Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан "Ҳазрати Имом" мажмуасида пойтахтимиз ободлиги ва кўркамлигига ҳисса қўшиб келаётган ободонлаштириш ходимлари учун эҳсон дастурхони ёзилиб, илиқ сўзлар ила ҳадялар улашилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси масъуллари ва 200 нафардан зиёд ходимлар иштирок этди.

Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида сўнгги йилларда  юртимизда Давлатимиз Раҳбари томонидан инсон қадрини юксалтириш йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётгани ва бу ҳар бир ҳамюртимиз ҳаётида ўз аксини топаётганини алоҳида таъкидлаш баробарида мазкур касб эгаларининг жамият ҳаётидаги ўрни беқиёс экани, улар туфайли юртимиз обод, кўчаларимиз ораста, атроф-муҳитимиз покиза ва қалбларимиз равшан бўлишини алоҳида қайд этдилар.

Шунингдек, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзларида ана шундай фидойи инсонлар динимизда юксак қадрланишини таъкидлаб, йўлдан озорни кетказиш ҳам иймондан саналишини, Исломда покликка алоҳида эътибор қаратилиши унинг иймон билан боғланганидан ҳам яққол кўринишини айтиб ўтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Поклик иймоннинг ярмидир”, деган ҳадисларини ёдга олдилар.

Мухтасар қилиб айтганда, тадбирда жамият фаровонлиги, аввало, инсонга бўлган эътибор, унинг меҳнатини қадрлаш ва муносиб рағбатлантиришдан бошланиши таъкидланди. Пойтахтимиз ободлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган ободонлаштириш ходимларига кўрсатилаётган бундай эҳтиром ва ғамхўрлик давлатимизда ҳар бир инсоннинг меҳнати ва қадри эъзозланишининг яққол намунаси экани қайд этилди.

Тадбир якунида Муфтий ҳазратлари томонидан соҳада фаоллик кўрсатаётган жонкуяр ходимларга қимматбаҳо совғалар, барча иштирокчиларга эса озиқ-овқат жамланмалари ҳадя этилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Озодалик ва кўркамлик фидойиларига эҳтиром кўрсатилди Озодалик ва кўркамлик фидойиларига эҳтиром кўрсатилди Озодалик ва кўркамлик фидойиларига эҳтиром кўрсатилди Озодалик ва кўркамлик фидойиларига эҳтиром кўрсатилди Озодалик ва кўркамлик фидойиларига эҳтиром кўрсатилди Озодалик ва кўркамлик фидойиларига эҳтиром кўрсатилди Озодалик ва кўркамлик фидойиларига эҳтиром кўрсатилди Озодалик ва кўркамлик фидойиларига эҳтиром кўрсатилди Озодалик ва кўркамлик фидойиларига эҳтиром кўрсатилди
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қарийб 50 мамлакат журналистлари янги Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанднинг асосий ёдгорликларини зиёрат қилади

25.08.2026   16505   2 min.
Қарийб 50 мамлакат журналистлари янги Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанднинг асосий ёдгорликларини зиёрат қилади

«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми иштирокчилари 27 август куни Самарқандга йўл олади. Улар янгидан бунёд этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Имом Бухорий номидаги Инновацион музей билан танишади. Куннинг иккинчи ярмида эса иштирокчилар учун шаҳарнинг тарихий-маданий мерос объектлари, жумладан, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ёдгорликлар бўйлаб махсус дастур ташкил этилади, хабар бермоқда iccu.uz.

Ёдгорлик мажмуаси Самарқанд вилояти Пайариқ туманида, буюк муҳаддис ва илоҳиётшунос Муҳаммад ал-Бухорийнинг (810–870) дафн этилган жойида жойлашган. У «Саҳиҳи Бухорий» тўплами муаллифи бўлиб, мазкур асар сунний исломдаги энг мўътабар ҳадис тўпламларидан бири ҳисобланади.

Кенг кўламли реконструкциядан сўнг мажмуа 2026 йил баҳорида зиёратчилар учун қайта очилди. Унинг умумий ҳудуди 45 гектарни ташкил этади. Бу ерда 10 минг кишилик масжид, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари, 154 устунли айвон, 14 та мовий гумбаз ва баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора барпо этилган. Реконструкциядан сўнг мажмуанинг кунлик қабул қилиш қуввати 12 минг нафардан 65 минг нафаргача ошди.

Мажмуанинг марказий қисмларидан бири — тўққизта павильондан иборат янги Имом Бухорий Инновацион музейидир. Экспозиция алломанинг ҳаёти, ҳадисшунослик тарихи ва унинг илмий меросига бағишланган. Шунингдек, музейда Қуръонда зикр этилган пайғамбарлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка ва Мадинадаги ҳаёти ҳамда ёзма ҳадис тўпламларининг шаклланиш тарихи ҳақида маълумотлар берилган.

Мажмуа яқинида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам фаолият юритади. Марказ ислом илмий ва қўлёзма меросини, жумладан, Марказий Осиёнинг ўрта аср олимлари асарларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар ва таржималар тайёрлаш, шунингдек, халқаро илмий алмашинувни ривожлантириш билан шуғулланади.

Мажмуага ташрифдан сўнг форум иштирокчилари тарихий Самарқанд билан танишади. Шаҳарнинг асосий меъморий ёдгорликлари қаторига Регистон, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Гўри Амир мақбараси киради. ЮНЕСКО ушбу тўрт объектни 2001 йилда «Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси» номи билан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий шаҳарнинг асосий ёдгорликлари сифатида эътироф этади.

Самарқанд босқичи 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми дастурининг бир қисми бўлади.

Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана

Ўзбекистон янгиликлари