Тошкент ислом институтида ўқиш жараёнида билимга чанқоқлиги, фаоллиги, масъулияти ҳамда намунавий хулқи билан ажралиб турган талабаларнинг ота-оналарига институт номидан ташаккурномалар тақдим этилди. Мазкур ташаккурномалар талабалар орқали ота-оналарига етказилди.
Ушбу ташаббус орқали институт томонидан ота-оналарнинг фарзанд таълими ва тарбиясига бўлган эътибори, масъулияти ҳамда фидойи саъй-ҳаракатлари юксак эътироф этилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ёшларнинг нафақат чуқур билим эгаллаши, балки юксак маънавиятли, одобли ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаган шахс бўлиб камол топишида оиланинг, хусусан, ота-онанинг ўрни беқиёсдир. Ана шу ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик самарасида талабалар таълим-тарбияда юқори натижаларга эришиб, институт нуфузини ошириб келмоқда.
Тошкент ислом институти жамоаси бундай ташаккурномаларни йўллаш амалиётини келгусида ҳам давом эттириб, ота-оналар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялашни мақсад қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Қувайтнинг нуфузли “Al-Seyassah”, “Alwakt News” ва “The Times Kuwait” нашрларида қувайтлик эксперт ва жамоат арбоби, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Тижорат арбитраж марказининг собиқ бош котиби Тариқ Юсуф аш-Шумаймирийнинг “Самарқанддан Файлакагача: замин цивилизация тилида сўзлаганда номли мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф жорий йилнинг август ойида юртимизга амалга оширган ташрифи давомида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлгани, бой тарихий-маданий мерос, меъморий обидалар, қадимий бозорлар ҳамда халқимизнинг меҳмондўстлик анъаналари унда катта таассурот қолдиргани ҳақида ёзади.
Мақолада таъкидланишича, Марказий Осиёнинг қадимий шаҳри Самарқанд ҳамда Форс кўрфазидаги тарихий Файлака ороли халқлар ва маданиятларни бирлаштирувчи ўзига хос цивилизацион кўприк вазифасини бажарган. Самарқанд Шарқ ва Ғарбни боғлаган қуруқликдаги карвон йўллари чорраҳаси бўлган бўлса, Файлака денгиз савдо йўлларида муҳим стратегик макон ҳисобланган. Юртимиздаги илм-маърифатга бўлган юксак эҳтиром ва жамоатчилик анъаналари Қувайт жамиятидаги қадриятлар билан муайян муштаракликка эга экани алоҳида эътироф этилади.
Нашрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 17–18 февраль кунлари Қувайт Давлатига амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаргани таъкидланади. Ташриф якунлари бўйича саноат, авиация, “ақлли шаҳарлар”, соғлиқни сақлаш, туризм, маданият ва санъат каби соҳаларда умумий қиймати қарийб 4,9 миллиард долларлик келишувлар ва инвестиция лойиҳалари пакети шакллантирилди.
Шунингдек, Қувайт Араб иқтисодий тараққиёт жамғармасининг юртимиздаги инфратузилма ва соғлиқни сақлаш лойиҳаларидаги иштироки амалий ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида кўрсатиб ўтилади.
Мақола якунида таъкидланганидек, Самарқанд ва Файлака ўртасидаги тарихий муштараклик ҳамда бугунги тўғридан-тўғри авиақатновлар, фаол инвестициялар ва маданий алмашинувлар икки халқ ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати