2026 йилнинг илк кунларида вилоят бош имом-хатиби раҳбарлигида вилоятимизда фаолият юритаётган шаҳар ва туман бош имом-хатиблари иштирокида муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда янги йилда амалга оширилиши белгиланган устувор вазифалар, жойларда диний-маърифий ишлар сифатини ошириш, аҳоли ўртасида маънавий тарғиботни янада кучайтириш, ёшлар ва оилалар билан ишлашни тизимли йўлга қўйиш ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Вилоят бош имом-хатиби томонидан ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди, амалий кўрсатма ва тавсиялар тақдим этилди. Шунингдек, имом-хатибларнинг масъулияти ва интизоми, жамият олдидаги муҳим бурчи алоҳида таъкидланди.
Учрашувда 2026 йилда диний-маърифий фаолиятни янада тизимли, мазмунли ва самарали ташкил этиш зарурлиги қайд этилиб, мазкур мулоқот жойларда амалга ошириладиган ишлар учун мустаҳкам дастуриламал бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон–Озарбайжон саммитининг иккинчи куни тадбирларида иштирок этиш учун Бухоро шаҳрига келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф хайрли амалдан – Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошланди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо ўқилди.
Мажмуа ислом оламининг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланади. Мазкур зиёратгоҳ Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган жойда барпо этилган бўлиб, бугунги кунда мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейини ўз ичига олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати