5 январь куни Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдуллоҳхон домла Саматов бошчилигида вилоят вакиллиги ходимлари, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳамда “Ҳаж–2025” зиёратчиларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида Наманган туманидаги “Сайид Жалолиддин” жоме масжидида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда маҳаллаларда маънавий тарғиботчи бўлиб фаолият юритаётган ҳожилар билан Наманган туманида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилиниб, тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ишчи гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида:
“Ҳаж–2025” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш,
имом-хатибларнинг масжидни бошқариш фаолиятини ўрганиш ва амалий кўмак бериш,
пешин намози олдидан долзарб мавзуларда намунавий маърузалар ўқиш
белгилаб олинди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари маҳаллалардаги айрим хонадонларга ташриф буюриб, аҳоли ҳол-аҳволи билан танишди, ёшларнинг таълим-тарбияси, мавжуд муаммолари ўрганилди ҳамда намунавий оилаларда кексалардан дуои хайрлар олинди.
Имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган мазкур ишчи гуруҳ фаолияти вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Хабар берганимиздек, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон муфтийлари муҳим йўналишларда 3 та баёнот ва замонавий масалаларга оид 6 та йирик фатвони имзолашди.
Жумладан, «Исломнинг илм-фан ва технологияга ёндашуви» мавзусидаги баёнотда Ислом динида инсоният фаровонлигига хизмат қилувчи барча илмий ва технологик ютуқлар қўллаб-қувватланиши билан бирга, улар юксак ахлоқий мезонлар, адолат ва масъулият тамойиллари асосида ривожланиши шартлиги таъкидланди.
«Мусулмонлиги маълум бўлган шахсни кофирга чиқаришнинг ҳукми» тўғрисидаги баёнотда Ислом таълимотига кўра, калимаи шаҳодат келтириб, қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай шахс мусулмон ҳисобланиши ҳамда қилган гуноҳи ёки амалдаги нуқсони туфайли уни куфрда айблаш (такфир қилиш) қатъиян ман этилиши айтилди. Шунингдек, Туркий давлатлар уламолари ушбу баёнотда жамиятда фитна, қон тўкилиши ва низоларга сабаб бўлувчи такфирчилик оқимларига қарши илмий-маърифий курашни кучайтириш, уммат бирдамлигини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратишди.
«Оила қуришга тарғиб қилиш, уни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашга доир умумий масъулият» баёнотида Ислом таълимотига кўра, оила никоҳ асосига қуриладиган, соғлом авлод ва жамият давомийлигини таъминловчи, инсонга руҳий хотиржамлик ҳамда ахлоқий тарбия берувчи муқаддас муассаса эканига урғу қаратилди. Муфтийлар оила институтини ҳимоя қилиш, ёшларни оилага тайёрлаш ва миллий-маънавий қадриятларни мустаҳкамлашда бирдамликка чақирдилар.
Шунингдек, муфтийлар томонидан «Битта қабрга бирдан ортиқ маййитни дафн этишнинг ҳукми», «Ижарага берилган деҳқончилик ерларининг ушри», «Фатво сўраш ва фатво беришда сунъий идрокдан фойдаланиш масаласи», «Жума намози дуруст бўлишининг шартлари», ҳижрий ой бошланишини аниқлаш мезонлари ва такфир масаласига доир 6 та фатво матни имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати