2026 йилнинг илк кунларида вилоят бош имом-хатиби вилоятимизда фаолият юритаётган шаҳар ва туман бош имом-хатиблари иштирокида учрашув ўтказди.
Учрашувда янги милодий йилда амалга оширилиши белгиланган устувор вазифалар, жойларда диний-маърифий ишлар сифатини ошириш, аҳоли орасида маънавий тарғиботни кучайтириш, ёшлар ва оилалар билан ишлаш ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Вилоят бош имом-хатиби томонидан ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилиб, амалий кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, имом-хатибларнинг масъулияти, интизоми ва жамият олдидаги бурчи алоҳида таъкидланиб, 2026 йилда диний соҳадаги фаолиятни янада тизимли, мазмунли ва самарали ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. Мазкур учрашув янги йилда жойларда олиб бориладиган ишларга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Иорданиянинг нуфузли “The Jordan Times” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиа форуми ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада ёзилишича, тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, етакчи экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчихонасининг маълум қилишича, ушбу форум дастуридан ялпи мажлислар, медиа кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Учрашувларда ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари ва замонавий технологиялар, халқаро медиа лойиҳаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик талабалар учун жаҳон медиа саноатининг етакчи вакиллари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа ишлаб чиқариш ва халқаро ахборот маконида самарали ҳамкорлик қилиш бўйича тажриба алмашади.
Нашрда қайд этилишича, форум иштирокчилари 27 август куни Самарқандга саёҳат қилишади. Сафар доирасида меҳмонлар Имом ал-Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, шаҳарнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкентда халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус медиатур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланади. Меҳмонлар Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати