Бугун, 6 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Ҳасан Сафархонийни қабул қилди.
Самимий мулоқот чоғида Ҳомиджон домла Ишматбеков юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Икки халқни ягона дин ва муштарак қадриятлар бирлаштириб келаётгани, сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.
Учрашувда илмий-маърифий ва маданий йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтириш икки томон учун ҳам самарали бўлиши алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, Ҳасан Сафархоний Ўзбекистондаги барқарор тараққиётни юқори баҳолаб, мамлакатнинг мусулмон оламидаги нуфузи ортиб бораётганини эътироф этди. Шунингдек, диний-маърифий соҳада алоқаларни ривожлантириш, қўлёзмаларни қўшма тарзда тадқиқ этиш, Қуръони карим таълими ва тафсири, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ҳамда қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида меҳмон самимий қабул ва эсдалик совға учун миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Британиянинг “Em Insight” журналида Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми хорижлик ОАВда катта қизиқиш уйғотган.
Рақамли платформалар, сунъий интеллект ва ахборот хуружлари авж олган ҳозирги замонда оммавий ахборот воситаларининг мамлакатлар, маданиятлар ва цивилизациялар ҳақидаги тасаввурларни шакллантиришдаги ўрни тобора ортиб бормоқда.
Мақолада таъкидланишича, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Мирзо Улуғбек каби жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар юрти бўлмиш Ўзбекистон бу каби глобал муҳокамалар учун энг мақбул майдондир.
Қатарнинг “The Peninsula” газетаси масъул муҳаррири Муҳаммад Осмон форумнинг рақамли ахборот асридаги аҳамиятига тўхталиб, Имом Бухорийнинг ҳадисларни тўплаш ва уларнинг ҳаққонийлигини текширишдаги қатъий ёндашувини тилга олди.
У ушбу методологияни манбаларни чуқур ўрганиш ва верификация қилишнинг ўчмас намунаси деб атади ва бу тамойиллар фейк хабарлар ҳамда сунъий интеллект маҳсулотлари кўпайган ҳозирги даврда жуда аҳамиятли эканини билдирди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги муҳаррири Ўткир Алимов форумнинг Мустақилликнинг 35 йиллиги остонасида ўтказилаётганига эътибор қаратган. У 50 мамлакатдан 300 га яқин ОАВ вакилларининг Тошкентда жамлангани Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.
Мақолада Тошкентдаги халқаро медиафорум журналистика масъулияти, тарихий тадқиқотлар чуқурлиги ва замонавий технологиялар имкониятларини бирлаштирган ҳолда Ислом цивилизациясини янги, замонавий қиёфада дунёга танитишга хизмат қилиши баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати