Дунё шиддат билан ўзгариб, ахборот оқими мисли кўрилмаган даражада тезлашган асрда инсон онги энг катта кураш майдонига айланди. Бу майдонда эса энг хавфли қурол мутаассиблик ва радикаллашувдир. Кўпинча "ҳақиқатни излаш" ниқоби остида бошланган йўл, афсуски, кўплаб инсонларни жамиятдан узилишга, оиласидан кечишга ва охир-оқибат фожиага олиб келмоқда.
Бироқ энг муҳим савол очиқ қолмоқда: Хато қилган, адашган ва мутаассиблик кўчасига кириб қолган инсон учун ортга йўл борми?
Ҳеч ким бир кунда радикал бўлиб қолмайди. Бу жараён одатда билимсизликдан бошланади. Диний ёки дунёвий билимларнинг юзакилиги инсонни манипуляция қуролига айлантиради. Ваҳоланки, ислом дини биринчи навбатда инсонни фикрлашга ва илм олишга чақиради. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
«Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» (Зумар сураси, 9-оят)
Бу оят инсонни кўр-кўрона кимгадир эргашишдан эмас, балки ақл ва илм билан фикр юритишга ундайди. Мутаассиб инсон эса изланишдан тўхтаган ва фақат муайян бир гуруҳнинг фикрини мутлақ ҳақиқат деб биладиган кишидир.
Мутаассибликнинг энг катта хавфи дунёни фақат "қора" ва "оқ"қа ажратишдир. Унда бағрикенглик ёки бошқача фикрлашга жой йўқ. Инсон бу гирдобга тушганда, атрофидаги ҳаммани, ҳатто ота-онасини ҳам "осий" сифатида кўра бошлайди.
Аммо тарих ва бугунги кун тажрибаси шуни кўрсатадики, ортга қайтиш нафақат имкон бор, балки зарур ҳамдир.
Адашган инсоннинг ортга қайтишига кўпинча қўрқув ва жамиятнинг нафрати халақит беради. Бу ерда энг катта масъулият яқинлари ва жамият зиммасига тушади. Адашган инсонни жарликка итариб юбориш эмас, балки унга қўл узатиш лозим. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилганларидек:
«Аллоҳ таоло мулойимдир ва мулойимликни яхши кўради. У Зот мулойимлик учун қаттиққўлликка бермаган ажр-мукофотни беради». (Имом Муслим ривояти)
Тавба ва қайтиш йўлидаги илк қадамлар:
Тўғри йўлга қайтиш имкони ҳар доим бор. Инсон хато қилиши мумкин, лекин хатода оёқ тираб туриш — ҳақиқий мағлубиятдир. Мутаассибликдан қайтиш — бу фақат фикрни ўзгартириш эмас, бу — ҳаётга, оилага ва келажакка қайтишдир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати