Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Август, 2026   |   3 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:05
Қуёш
05:33
Пешин
12:27
Аср
17:19
Шом
19:25
Хуфтон
20:49
Bismillah
16 Август, 2026, 3 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

13 та қабр: Бақиъдаги улуғ зотларнинг қабрларини кўрганмисиз?

08.01.2026   14057   4 min.
13 та қабр: Бақиъдаги улуғ зотларнинг қабрларини кўрганмисиз?

Жаннатул Бақиъ — Саудия Арабистонининг Ҳижоз минтақасида, Мадинаи мунавварада жойлашган ислом тарихидаги илк ва энг қадимий қабристон. У Масжидун Набавийнинг жануби-шарқий томонида жойлашган бўлиб, “Бақиъул Ғарқад” номи билан ҳам машҳур. Бу ерда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оила аъзолари ва кўплаб саҳобалари дафн этилган.

Қабристон милодий 622 йилда ташкил этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида (милодий 622 йил, сентябрь), Бақиъ ерлари ғарқад, яъни тиканли буталар билан қопланган бўш майдон эди.

Бадр жанги бўлаётган вақтда (милодий 624 йил) вафот этган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайя розияллоҳу анҳо Бақиъ қабристонига биринчилардан бўлиб дафн этилган. Саҳобалардан эса биринчи бўлиб, муҳожирлардан Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу, ансорлардан Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу шу ерга қўйилган.

 

Жаннатул Бақиъдаги 13 та машҳур қабр ва зиёратгоҳлар:

 

1. Сафия бинти Абдулмутталиб ва Отика розияллоҳу анҳумо: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари.

 

2. Абдуллоҳ ибн Жаъфар ва Ақийл ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳум: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқин қариндошлари ва амакиваччалари.

 

3. Расулуллоҳнинг аёллари, мўминларнинг оналари: Хадича бинти Хувайлид ва Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳумолардан ташқари Пайғамбаримизнинг барча аёллари шу ерга дафн этилган.

 

4. Пайғамбаримизнинг қизлари: Фотимаи Заҳро, Руқайя, Зайнаб ва Умму Кулсум розияллоҳу анҳумоларнинг қабрлари.

 

5. Пайғамбаримизнинг яқин аҳли байтлари: Бу ерда амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб, шунингдек, Зайнулобиддин ибн Ҳусайн, Ҳасан ибн Али, Муҳаммад Боқир ва Жаъфар Содиқлар дафн этилган.

 

6. Иброҳим розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўдаклигида вафот этган ўғиллари.

 

7. Ҳарра жанги шаҳидлари: Мадина шаҳрини ҳимоя қилишда шаҳид бўлганлар.

 

8. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Зуннурайн” - икки нур соҳиби, Ислом оламининг учинчи халифаси.

 

9. Ҳалимаи Саъдия: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмизган сут оналари.

 

10. Абу Саид Худрий ва Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳум: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг улуғ саҳобаларидан.

 

11. Имом Молик ва Имом Нофеъ: Машҳур Моликий мазҳаби асосчиси Имом Молик ибн Анас ва унинг устози, қироат олими Имом Нофеъ ибн Абу Нуайм.

 

12. Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу: Пайғамбаримизнинг суюкли набиралари, Ҳазрат Али ва Фотима онамизнинг ўғиллари.

 

13. Фотима бинти Асад розияллоҳу анҳо: Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг оналари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз фарзандидек вояга етказган аёл.

 

Бақиъ қабристонидаги мақбара ва гумбазлар 1806 ва 1925 йилларда бузиб ташланган. Ҳозирги кунда қабрлар устида ҳеч қандай бино ёки белгилар йўқ, улар оддий тупроқ ва тошлар билан белгиланган.

Т.Азимов тайёрлади

Сийрат
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Хўжамулки" маҳалласида ободлик ва меҳр-саховат

16.08.2026   1923   1 min.

Қумқўрғон туманидаги "Хўжамулки" маҳалласида "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида кенг жамоатчилик ва аҳоли вакиллари иштирокида қизғин ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ташаббус маҳалла ҳаётига янгича руҳ бахш этиб, ҳамжиҳатлик ва эзгулик муҳитини янада мустаҳкамламоқда.

Азалий қадриятларимиздан бири бўлган ҳашар анъанаси асосида маҳалла аҳли бир ёқадан бош чиқариб, ўз ҳудудини янада обод, файзли ва кўркам масканга айлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Ҳар бир фуқаронинг қалбида Ватанга муҳаббат, маҳаллага эҳтиром туйғуси жўш уриб, улар бунёдкорлик ишларига фаол ҳисса қўшмоқдалар.

Хусусан, маҳалла ҳудудидаги муқаддас қадамжолардан бири – "Хўжамулки ота" қабристонида кенг кўламли тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳашар иштирокчилари томонидан қабристон ҳудуди бегона ўтлар ва чиқиндилардан пухта тозаланиб, қабр устилари тартибга келтирилмоқда. Шунингдек, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш борасида зарур ишлар олиб борилиб, аждодлар хотирасига чуқур эҳтиром кўрсатилмоқда.

Бу каби эзгу ташаббуслар маҳаллада ободлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш билан бирга, аждодларимиз хотирасига бўлган ҳурматимизни намоён этади. Айни пайтда, ёш авлодга миллий қадриятларимизни сингдириш, уларни Ватанга муҳаббат ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эгадир. Бугунги ҳашар – келажак авлод учун намуна, эртанги кун учун мустаҳкам пойдевордир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Сурхондарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари