Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси “Вақф” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят филиали раҳбари Азизхон Султоновга падари бузруквори Илҳомхон ҳожи отанинг вафоти муносабати билан таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Истанбул шаҳрининг Арнауткўй туманида жойлашган “Колён Холдинг” қурилиш компаниясида фаолият юритаётган 150 нафарга яқин ўзбекистонлик ишчи-хизматчилар билан маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Хизмат сафари билан Туркияда бўлиб турган Наманган вилоят бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икрамов ва Қарши шаҳридаги “Араловул” жоме масжиди имом-хатиби Одилжон домла Жабборов юртдошларимиз билан «Исломда одоб ва ахлоқ» ҳамда «Ватанга муҳаббат» мавзуларида самимий суҳбат қурди.
Мулоқот чоғида ислом динида гўзал хулқ, катталарга ҳурмат, ҳалол меҳнат ва меҳр-оқибат каби эзгу фазилатларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, мусофир юртда юрган ватандошлар учун юрт шаънини муносиб сақлаш, қонун-қоидаларга қатъий амал қилиш ҳамда Ватан қадрини теран англаш лозимлиги таъкидланди.
Самимий руҳда кечган тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати