Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

Мордовия Республикаси муфтийси билан учрашув ўтказилди 

12.01.2026   15097   1 min.
Мордовия Республикаси муфтийси билан учрашув ўтказилди 

Бугун, 12 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Россия Федерациясининг Мордовия Республикаси муфтийси Раиль ҳазрат Асаиновни қабул қилди. 

 

Самимий руҳда ўтган учрашувда Ҳомиджон домла мартабали меҳмонга Диний идора фаолияти, кейинги пайтларда йўлга қўйилган Фатво маркази фаолияти, бўлимлар, нашриёт, ҳазрати Имом даҳасида жойлашган тарихий ва замонавий обидалар ҳақида сўзлаб берди.

 

Ўз навбатида, Раиль ҳазрат Асаинов дўстона қабулдан мамнун бўлганини изҳор этиб, Ўзбекистонга бўлган эҳтироми бўлакча экани, бу юртни нафақат Имом Бухорийнинг ватани, балки илмий ноёб асарлар макони сифатида қадрлашини айтиб ўтди.

 

Томонлар илм-маърифат ва Ислом равнақи йўлида ҳамкорлик қилишда ҳамфикр эканини билдириб, бундан кейинги халқаро илмий-амалий анжуманларда янада яқин алоқалар ўрнатиш борасида сўз юритишди. 

 

Учрашув якунида Раиль ҳазрат Асаиновга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эсдалик ҳадяси топширилди.

 

Маълумот ўрнида, Мордовия Республикаси мусулмонлари Диний бошқармаси 2000 йилда ташкил этилган. Ташкилот Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси марказлашган диний ташкилоти таркибида фаолият юритади. Бошқарма таркибига Мордовия Республикаси ҳудудида жойлашган 30 та маҳаллий диний ташкилот киради. Раиль ҳазрат Асаинов ушбу ташкилотга 2023 йилдан бери раҳбарлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Мордовия Республикаси муфтийси билан учрашув ўтказилди  Мордовия Республикаси муфтийси билан учрашув ўтказилди  Мордовия Республикаси муфтийси билан учрашув ўтказилди  Мордовия Республикаси муфтийси билан учрашув ўтказилди 
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қарийб 50 мамлакат журналистлари янги Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанднинг асосий ёдгорликларини зиёрат қилади

25.08.2026   9796   2 min.
Қарийб 50 мамлакат журналистлари янги Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанднинг асосий ёдгорликларини зиёрат қилади

«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми иштирокчилари 27 август куни Самарқандга йўл олади. Улар янгидан бунёд этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Имом Бухорий номидаги Инновацион музей билан танишади. Куннинг иккинчи ярмида эса иштирокчилар учун шаҳарнинг тарихий-маданий мерос объектлари, жумладан, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ёдгорликлар бўйлаб махсус дастур ташкил этилади, хабар бермоқда iccu.uz.

Ёдгорлик мажмуаси Самарқанд вилояти Пайариқ туманида, буюк муҳаддис ва илоҳиётшунос Муҳаммад ал-Бухорийнинг (810–870) дафн этилган жойида жойлашган. У «Саҳиҳи Бухорий» тўплами муаллифи бўлиб, мазкур асар сунний исломдаги энг мўътабар ҳадис тўпламларидан бири ҳисобланади.

Кенг кўламли реконструкциядан сўнг мажмуа 2026 йил баҳорида зиёратчилар учун қайта очилди. Унинг умумий ҳудуди 45 гектарни ташкил этади. Бу ерда 10 минг кишилик масжид, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари, 154 устунли айвон, 14 та мовий гумбаз ва баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора барпо этилган. Реконструкциядан сўнг мажмуанинг кунлик қабул қилиш қуввати 12 минг нафардан 65 минг нафаргача ошди.

Мажмуанинг марказий қисмларидан бири — тўққизта павильондан иборат янги Имом Бухорий Инновацион музейидир. Экспозиция алломанинг ҳаёти, ҳадисшунослик тарихи ва унинг илмий меросига бағишланган. Шунингдек, музейда Қуръонда зикр этилган пайғамбарлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка ва Мадинадаги ҳаёти ҳамда ёзма ҳадис тўпламларининг шаклланиш тарихи ҳақида маълумотлар берилган.

Мажмуа яқинида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам фаолият юритади. Марказ ислом илмий ва қўлёзма меросини, жумладан, Марказий Осиёнинг ўрта аср олимлари асарларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар ва таржималар тайёрлаш, шунингдек, халқаро илмий алмашинувни ривожлантириш билан шуғулланади.

Мажмуага ташрифдан сўнг форум иштирокчилари тарихий Самарқанд билан танишади. Шаҳарнинг асосий меъморий ёдгорликлари қаторига Регистон, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Гўри Амир мақбараси киради. ЮНЕСКО ушбу тўрт объектни 2001 йилда «Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси» номи билан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий шаҳарнинг асосий ёдгорликлари сифатида эътироф этади.

Самарқанд босқичи 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми дастурининг бир қисми бўлади.

Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана

Ўзбекистон янгиликлари