«Эй иймон келтирганлар! Сизларни тирилтирувчи нарса учун чорлаганларида, Аллоҳга ва Расулига (лаббай деб) жавоб қилингиз! Яна билиб қўйингизки, Аллоҳ инсон билан унинг қалби (ўртаси)да “парда” бўлиб туради ва Унинг (ҳузурига) жамулжам бўлурсиз» (Анфол сураси, 24-оят).
Аллоҳнинг инсон билан қалби орасига кириши У Зотнинг ожиз бўлган кишини кучли, кучли бўлганни эса ожиз, шармандали ҳолда бўлган кишини азиз, жасур кишини қўрқоқ, қўрқоқ кишини эса довюрак, мард кишини қўрқоқ қила олиши деганидир. Ояти карима кучга тўлган ҳолида Ҳақ таолони инкор этувчи кимсаларга тескари равишда ожизлигини ўйлаган ва андишали бўлган мўминларга ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ғазот сафарида қатнашишлари борасида далда бўлади. Унга кўра, оят Аллоҳнинг элчиси билан бирга ғазотга боришга қарор қилганларнинг қалбига кириб, уларни душманга қарши кучли қиладиган илоҳий далда бера олиши таъкидланмоқда.
Шу маънода оятни икки шаклда изоҳлаш мумкин:
Биринчиси, ўлим вақти келмасидан аввал тавба қилишга шошилиш ҳақида сўз бориб, оят кишини шундай огоҳлантиради: “Инсоннинг қалби билан тавбаси орасига ўлим кирмасидан аввал Аллоҳ ва элчисининг чақириғига ижобат қилинган”.
Иккинчиси, қилган гуноҳлари сабабли инсонни қалби муҳрланган амалларига алоқадор. Шундайки, инсон қилган гуноҳлари натижаси сифатида қалби билан асл мақсади (охирати) ўртасида зулмат, яъни қоронғулик юзага келади (“Таъвилот”, 6/194-195).
Музаффар КОМИЛОВ, Абдумурод ТИЛАВОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 23-сонидан
Сиз ўзингизча Аллоҳни зикр қила олмаслигингизни, фақат Унинг Ўзи изн берсагина зикр қилишингиз мумкинлигини биласизми?
Сиз Аллоҳни зикр қиляпсизми, билингки, Аллоҳ таоло сиз Уни зикр қилишингизни истади. Бас, Аллоҳга ҳамд айтинг, фурсатни ғанимат билинг. Фақат сиз Уни зикр қилишингизни эмас, балки У ҳам сизни зикр қилишни истади.
Ишонинг, Аллоҳ таоло шу топда сизни исмингизни Ўзининг ҳузуридаги фаришталар олдида эсламоқда.
Қуръони каримда айтади: "Мени зикр қилинглар, шунда Мен ҳам сизларни эслайман" (Бақара сураси, 152-оят).
Ҳадиси қудсийда айтилади, Мусо алайҳиссалом: "Эй Роббим, бандаларинг орасида Сен яхши кўрадиган бандангни билсам эдим, мен ҳам уни яхши кўрар эдим", дедилар. Аллоҳ таоло деди: "Қачон бир бандамни Мени кўп зикр қилаётганини кўрсанг билгинки, Мен унга Мени зикр қилишига изн берганман. Ана ўша бандамни мен яхши кўраман. Агар банда мени зикр қилмаётганини кўрсанг билгинки, Мен уни зикримдан тўсиб қўйганман. Мен у бандани ёмон кўраман".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ