Мазкур машғулотлар Шайх Алижон қори раҳбарлигида тажрибали устозлар иштирокида олиб борилмоқда. Дарслар давомида Қуръони каримни тўғри, қоидаларга мувофиқ ва чиройли қироат қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Шайх Алижон қорининг шогирдлари — Эшқобилов Абдулбосит қори имом-хатибларнинг қироатини тинглаб, уларга амалий тавсия ва маслаҳатлар бериб бормоқдалар.
Ушбу тажвид дарслари имом-хатибларнинг қироат маҳоратини ошириш, Қуръон тиловатини янада мукаммал ўрганиш ҳамда диний хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
Sammuslim.uz
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати