Шайх Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда (1336-1417)
Абдулфаттоҳ ибн Муҳаммад ибн Башир ибн Ҳасан Абу Ғудда Ҳалаб (Суриянинг шимоли)да туғилган. Олимнинг насаби Холид ибн Валидга бориб етади. Шайхнинг хонадонларида ушбу насаб шажараси ҳамон сақланиб келинади.
Отаси Муҳаммад тақвоси, Қуръон қироати билан танилган шахслардан эди, ота касб – тўқима газламалар савдоси билан шуғулланарди. Бобоси Башир ҳам Ҳалабдаги тўқима газлама савдогари эди. Оналари эса Фотима Музакталий олима, фозила аёллардан эди.
Шайх бошланғич маълумотни туғилган шаҳрида олди ва олий маълумот олиш учун Мисрнинг "Ал-Азҳар" университетига ўқишга кирди. XIV асрнинг тенгсиз уламоси Зоҳид Кавсарийдан (1296-1371) жуда кўп илмий манфаатлар олди.
Шунингдек, Шайх Муҳаммад Абу Заҳра (1898-1974) фақиҳ олим; Шайх Муҳаммад Хузар ал-Ҳусайн (1876-1958) тафсир ва фиқҳ соҳасида ўз асрининг алломаси, хусусан Моликий мазҳаби ва қиёсий фиқҳда билимдон бўлган; Шайх Юсуф Дужавий (1893-1963) фақиҳ, аллома; Шайх Абдулмажид Дарроз; Шайх Аҳмад Муҳаммад Шокир (1893-1963) муҳаддис; Шайх Маҳмуд ибн Муҳаммад Шалтут (1893-1963) муфассир, фақиҳ ва Азҳар шайхи; Шайх Мустафо Сабрий (1869-1954); Шайх Абдулҳалим Маҳмуд (1907-1978) муфассир, мутасаввиф, адиб; Шайх Ийсо Манун (1889-1956) фақиҳ; Шайх Абдулваҳҳоб Халлоф (1888-1956) муҳаддис, фақиҳ, мерос илми каби фанлар бўйича мутахассис ва бошқа етук уламолардан илм олди.
Шайх Абдул Фаттоҳ ҳадис илми бўйича мутахассис эди. Кўплаб классик асарларга изоҳлар ёзган. Дамашқ университетининг шариат факультетида мударрис бўлиб фаолият юритди. У ерда уч йил "усул ал-фиқҳ", "ҳанафий фиқҳи", "мазҳаблар орасидаги қиёсий фиқҳ"дан дарс берди. Ундан кейин Ибн Ҳазмнинг маҳаллий фиқҳи энциклопедиясини тузишда ҳам иштирок этди. У икки жилдда нашр этилди.
Бундан ташқари, 1385-1408 йиллар давомида Ар-Риёз (Саудия Арабистони)даги Муҳаммад ибн Сауд университетининг ҳадис факультети ва бошқа факультетларида маърузалар ўқиди. Бир муддат Қирол Сауд университетида (Ар-Риёз) ҳам дарс берди.
Шайх Абдул Фаттоҳ Ар-Риёзда вафот этди. Бақи қабристонига дафн этилган.
Муфтий Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг "Ҳадис илмига кириш" китобидан олинди.
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳалол саноати йўналишидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат вакиллари Тошкент шаҳрида «Malaysia–Uzbekistan International Halal Fest 2027» халқаро форуми ва кўргазмасини ўтказиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Малайзиянинг «TWOJ CREATIVE SDN BHD» компанияси делегацияси томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳалол саноати экотизимини ривожлантириш, халқаро бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Режалаштирилаётган фестиваль доирасида:
Халқаро кўргазма, бизнес-форум ва B2B учрашувлари;
Ҳалол озиқ-овқат, туризм, молия ҳамда ишлаб чиқариш йўналишларига бағишланган махсус экспозициялар;
Инвестиция сессиялари, маданий дастурлар ва маҳсулотлар тақдимотларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ҳалол маҳсулотлар бозоридаги салоҳиятини намойиш этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт имкониятларини яратишга хизмат қилади.
Музокаралар давомида Малайзиянинг JAKIM стандартлари асосида ҳалол сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, фермер ва тадбиркорлар учун ўқув-семинарлар ҳамда малака ошириш дастурларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, бизнес ҳамжамияти ҳамда тармоқ уюшмаларини жалб этган ҳолда қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу форум савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш, ҳалол саноати инфратузилмасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим халқаро майдонга айланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати