Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида таниқли уламо, шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Юсуфхон тўра Шокиров – умрини ислом маърифатига бағишлаган аллома” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Давра суҳбатида таълим муассасаси маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари А.Нажмиддинов, Бухоро давлат университети Филология факультети ўқитувчиси А.Ҳамидов, мадраса устозлари ва талабалар иштирок этдилар.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар алломанинг ибратли ҳаёт йўли ва илмий мероси ҳақида тўхталиб ўтдилар. Таъкидланганидек, Юсуфхон тўра Шокиров 1926 йили Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида таваллуд топган бўлиб, илм йўлидаги дастлабки қадамларини машҳур “Мир Араб” мадрасасида (1948–1954 йиллар) бошлаган. Кейинчалик Мисрнинг дунёга машҳур “Ал-Азҳар” университетида (1955–1961 йиллар) таҳсил олиб, юксак илмий салоҳиятга эга бўлган.
Юсуфхон тўра Шокиров ўз фаолияти давомида нафақат маъмурий масъул лавозимларда ишлаган, балки Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом институтида кўплаб шогирдлар тарбиялаган.

Унинг қаламига мансуб:
· “Қиссаси Рабғузий китобидаги оят ва ҳадислар”,
· “Ислом – иймон, эътиқод ва ҳаёт рамзи” каби монографияси,
· “Алишер Навоий асарларининг изоҳли луғати” каби илмий ишлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — талаба-ёшларни буюк уламоларнинг ҳаёти ва ижоди билан яқиндан таништириш, уларда илмга муҳаббат ва аждодлар меросига ҳурмат туйғусини шакллантиришдан иборат.
Давра суҳбати қизғин савол-жавоблар билан якунланди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.
А.Нажмиддинов
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати