Бугунги кунда аксарият ёшлар осон даромад топиш илинжида “трейдинг” (молиявий акциялар, валюта, товарлар билан фаол савдо қилиш, фойда олиш) соҳасига қизиқишмоқда. Улар: “Телефон ёки компьютер олдида бир неча соат ўтириб, катта даромад олиш мумкин”, деган сохта хабарларга ишониб қолишяпти.
Албатта, ижтимоий тармоқларда “бир ойда 10 баробар бойиган” ёки “кунига 500 доллар топадиган” “трейдерлар” ҳақидаги видеолар кўп учрайди. Лекин шуни унутмаслик керакки, ушбу роликларнинг аксарияти маркетинг мақсадида яратилади. Мақсад – ёшлар ўртасида тез бойиш ҳақида нотўғри тасаввурни пайдо қилиш.
Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, агар кимдир осон пул топаётган бўлса, нега у вақт сарфлаб “пуллик дарслар” ўтказади? Нега “саноқли жой қолди, чегирма нархида улгуриб қолинг!” деган эълонлар тарқатади? Аслида буларнинг барчаси гуруҳларга кўпроқ одам тўплаш ва улар орқали даромад олиш мақсадида қилинади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Ўлчов ва вазнни адолат билан тўла берингиз! Одамларнинг Ҳалол меҳнат қадри нарсаларини уриб қолмангиз…” (Ҳуд сураси, 85-оят).
Ушбу ояти карима инсонни ҳар қандай иқтисодий ёки тижорат ишларида ҳалол бўлишга чақиради. Афсуски, ёшлар қизиқаётган трейдинг фаолияти эса мазкур тамойилга умуман мос келмайди.
Аксарият ёшлар билан суҳбатлашсангиз, улар бундай жавоб беришади: “YouTube’да кўрдим, ишим тўғри экан”. Интернетдаги кўплаб видео-материаллар маълум бир тоифа манфаати йўлида тайёрланишини ёки таржима қилинишини унутмаслик керак. Шунинг учун бундай маълумотларга ишониб кетавериш ярамайди.
Бир қўшнимизнинг ўғли тўрт йил Туркияда меҳнат қилди. Ишдан бўш вақтларида трейдинг билан қизиқиб, дастлаб анча пул ишлаган. Бир муддат ўзини бой ҳис этган. Сўнг маълум муддат ўтгач, барча маблағини шу соҳага сарфлаб, ҳаммасидан айрилади. Эътибор беринг-а, у тўрт йил меҳнат қилиб топган пулини бир неча соат ичида йўқ қилди.
Шундай экан, умримиз, меҳнатимиз ва қўлга киритган мол-мулкимизни асраб-авайлашимиз, яхши кунларимизга ишлатишимиз лозим. Зеро, ҳақиқий бойлик – билим ва меҳнат ортидан келган бойликдир. Халқимиз: “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик”, деб бежиз айтмаган. Ҳалол меҳнат орқали топилган ризқ баракали бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб, нимага сарфлагани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида” (Имом Термизий ривояти).
Шунинг учун ҳар қандай тижорат ёки молиявий фаолиятни бошлашдан олдин ишимизнинг шариатга мослигини аниқлаб олишимиз лозим. Бу борада юртимиз уламоларидан, масжидларнинг имомларидан маслаҳат сўраш – энг тўғри йўлдир. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин, ризқимизни ҳалол ва баракали қилсин!
Ҳусниддин САДРИДДИНОВ
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 23-сонидан
Илмга қизиқиш, аввало, манбага мурожаат қилишдан бошланади. Тарихни чуқур англаш эса уни китоб, қўлёзма ва ишончли илмий манбалар орқали ўрганишни талаб этади. Янги ўқув йилини янги билим ва катта мақсадлар билан бошлаган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 1 босқич талабалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Талабалар ташрифни, дастлаб Марказнинг кутубхонаси билан танишишдан бошлади.
Бу ерда улар илмий изланиш учун муҳим бўлган адабиётлар, тарихий манбалар ва турли йўналишлардаги илмий нашрлар билан танишди. Кутубхона нафақат китоблар жамланган маскан, балки тадқиқотчи учун зарур бўлган билим ва манбаларни бир жойга жамловчи муҳим илмий-маърифий макон сифатида намоён бўлди.
Айниқса, ислом тарихи, маданияти, илм-фани ва аждодларимизнинг илмий меросини ўрганаётган ёшлар учун бундай муҳитнинг аҳамияти катта. Чунки аудиторияда ўрганилган билимни мустаҳкамлаш, мавзу бўйича қўшимча маълумот излаш ва илмий изланиш олиб боришда манба билан ишлаш кўникмаси муҳим ўрин тутади.
Мазкур ташриф ёшлар учун навбатдаги экскурсия эмас, балки тарих, илм-фан ва миллий ўзлик билан бевосита юзма-юз келиш имконини берган муҳим маърифий учрашув бўлди.
Институтнинг бўлажак исломшунослари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Марказнинг бой экспозициялари орқали Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган цивилизация жараёнлари, ислом маданиятининг ривожланиши, буюк алломаларимизнинг илмий мероси ҳамда аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси билан яқиндан танишдилар.
Марказнинг Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, илм-фан ва маърифат тараққиётига бағишланган экспозициялари талабалар эътиборини тортди.
Тарихий манбалар, ноёб қўлёзмалар, қадимий ашёлар ва замонавий музей технологиялари уйғунлиги орқали намойиш этилган маълумотлар ёшларнинг ўтмиш ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди.
Бу ерда улар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби буюк аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси билан боғлиқ маълумотларни кўздан кечирдилар.
Айниқса, бир вақтлар шу заминларда яратилган илмий кашфиётлар бугунги замонавий фанларнинг шаклланишида қандай аҳамият касб этгани талабалар учун қизиқарли бўлди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олаётган ёшлар учун бундай масканнинг аҳамияти, табиийки, янада катта. Чунки улар ўзлари ўрганаётган диний-илмий мероснинг тарихий илдизларини нафақат китоблардан, балки Марказ экспозицияларида бевосита кўриш имконига эга бўлдилар.
Талабаларнинг фикрича, Марказдаги энг муҳим жиҳатлардан бири — тарихнинг оддий саналар ва воқеалар кетма-кетлиги сифатида эмас, балки илм-фан, тафаккур ва инсоният тараққиёти билан боғлиқ яхлит жараён сифатида намойиш этилганидир.
“Бу ерда аждодларимизнинг илм-фанга қўшган ҳиссасини кўриб, улар билан фахрланиш туйғуси янада кучайди. Айниқса, ислом дини ривожи билан бирга илм-маърифат ҳам юксалиб борганини кўриш биз учун жуда катта таассурот қолдирди”, — дейди институтнинг 1-босқич талабаларидан бири.
Ёшлар Марказнинг кутубхона фаолияти билан ҳам танишдилар. Бу ерда жамланган илмий адабиётлар, тарихий манбалар ва тадқиқотлар бўлажак мутахассисларнинг келгусидаги таълим ва илмий изланишлари учун муҳим манба бўлиши таъкидланди.
Ташриф давомида талабалар учун Марказнинг фақат тарихий меросни намойиш этувчи маскан эмас, балки илмий изланиш, маърифат ва замонавий тафаккур уйғунлашган муҳим платформа эканлиги янада яққол намоён бўлди.
Талабалар Марказ билан танишиш жараёнида ўзлари таҳсил олаётган соҳа — исломшуносликнинг қанчалик катта илмий мерос ва тарихий масъулият билан боғлиқлигини ҳам чуқурроқ ҳис этдилар.
Шу маънода, янги ўқув йилининг дастлабки кунларида ташкил этилган мазкур ташриф талабалар учун янги билимлар сари ташланган муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги ушбу маърифий ташриф эса бўлажак исломшунослар учун янги ўқув йилини тарих сабоқлари, илмга қизиқиш ва катта мақсадлар билан бошлашга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати