Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448

Таслимият ва таваккул

16.01.2026   11448   3 min.
Таслимият ва таваккул

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳнинг барча хоҳиш-иродасига розилик ва Унга бутунлай таслим бўлиш Парвардигор наздидаги бандалик ва ибодатнинг энг олий даражаси ҳисобланади. Айнан шу икки сифат – таслимият ва таваккулда Исломнинг камолоти мужассамдир. Таслимият сифатига эга бўлган киши, дейлик, Иблис каби Аллоҳнинг лаънатига учраган тақдирида ҳам, Парвардигори унга муносиб кўрган бундай қазои қадарга худди ўзининг иймону исломига рози бўлгани каби рози бўлиши керак. Шунинг учун ҳам ҳақиқий банда Аллоҳнинг қазои-қадаридан рози бўлади, ўзининг феълидан эмас. Агар инсон бирор нохуш вазиятга тушиб қолиб, бундан безовталанадиган бўлса, демак, бу ҳолда у ўз нафсининг қулидир. Агар яхшими-ёмонми, қандай ҳолга тушмасин, унинг унга ҳеч қандай фарқи бўлмаса, демак, у Яратганнинг ҳақиқий бандасидир. Худди мана шу нарса ҳар бир ишнинг асоси ва илдизидир. Шунинг учун ҳам, эй толиб, Аллоҳ ҳақ субҳонау ва таоло сизнинг мудом парвардигорингиз бўлиб қолганидек, сиз ҳам мудом унинг бандаси бўлишликка интилинг. Бу ҳақда қуйидаги байт қандай яхши битилган:

“Олқиш, эътирозни гар билмасанг тенг,
Қасамки, олиҳанг бут экан сенинг!”

Бу масалада Исломдаги барча тариқатларнинг улуғлари иттифоқ қилган эканлар.

Бир кун имом Шаъроний қуддиса сирруҳу ўзларининг шайхлари Али Хаввос қуддиса сирруҳудан сўрадилар:

– Камбағал кимсаларга нисбатан қандай муносабатда бўлмоғимни маслаҳат берасиз, уларга инъому икром қўрсатиб, аҳволларини ўзгартирганим яхшироқми ёхуд азбаройи Яратганнинг улар учун муносиб кўрган қисматига одобу эҳтиром юзасидан ўз ҳолларича қолдирганим дурустроқми?

Шайх Али Хаввос қуддиса сирруҳу шундай жавоб бердилар:

– Менинг фикримча, адабни сақлаганинг маъқулроқдир. Аллоҳ таолонинг бир бойни фақирга айлантириб қўйиши, аввало, унга Ўзининг ҳикмати ва иродаси изҳори учун бўлади. Зеро, борлиқдаги бирор бир мавжудот Унинг назари ва эътиборидан четда қолган эмас. Уни ўзига дўст тутган ҳар бир киши, одоб юзасидан, бу борлиқдаги У кузатиб турган барча нарсани ўз ҳолича қўйгани маъқулроқ. Яъни мавжуд ҳолатни Парвардигордан тайинли бир кўрсатма бўлмагани ҳолда ўзингча ўзгартиришга шошилма! Шундай ҳам бўлиши мумкинки, ўзингча бир фақирни бойга айлантиришни хоҳлаб қолсанг Аллоҳ таоло унинг ҳолини сенинг бошинга солиб қўяди. Ўзи асрасин-у, мабодо шундай бўлиб қолгудай бўлса, сен ўша ўзинг учун яхши ва рози бўлган ҳолингдан айрилиб, сен учун яхши бўлмаган ва сен ундан рози бўлмаган бир ҳолга тушиб қолишинг мумкин. Бу ҳам худди сенинг бир бандани Аллоҳ таоло яхши кўрган ва ундан рози бўлган ҳолидан айириб қўйганингга ўхшашдир. Бордию Аллоҳ таоло сени шу жазо билан жазоламай, афв этган тақдирда ҳам бу нарса Унинг макридан холи эмас. У сени сен кутмаган томондан ғафлатда қолдириб, бошқа ҳалок бўлганлар қатори ҳалок этишни ирода этган бўлиши мумкин.

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“National Geographic” журнали: Ўзбекистон Ипак йўли меросини замонавий туризм билан уйғунлаштирмоқда

17.09.2026   8734   1 min.
“National Geographic” журнали: Ўзбекистон Ипак йўли меросини замонавий туризм билан уйғунлаштирмоқда

Американинг нуфузли  “National Geographic” журналининг электрон ва босма шаклларида Буюк Ипак йўлида Ўзбекистоннинг тутган ўрнига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Материал муаллифи Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива ҳақида ҳикоя қилиб, уларни қадимий Ипак йўлининг энг муҳим шаҳарлари ва замонавий сайёҳлик йўналишлари сифатида талқин этган.

Мақолада Ўзбекистондаги туризм ривожи, хорижлик сайёҳлар сонининг ортиши, янги объектлар қурилиши ҳамда шаҳарлар ўртасида тезюрар темирйўл қатновининг йўлга қўйилишига алоҳида эътибор қаратилган.

Тошкентнинг Чорсу бозори Ипак йўли савдо анъаналари бугунгача сақланиб қолган маскан, Самарқанд эса Регистон майдони ва қадимий Улуғбек расадхонаси билан илм-фан ҳамда ислом маданиятининг тарихий маркази сифатида таърифланади.

Нашрда Бухоро фаол туристик ўзгаришлар жараёнини бошдан кечираётган шаҳар сифатида кўрсатилган бўлса, Хива ўтмиш руҳияти айниқса кучли сезиладиган жой дея таъкидланган.

Шунингдек, Ипак йўли меъморчилиги услубида барпо этилаётган янги сайёҳлик лойиҳаларига эътибор қаратилиб, тарихий муҳитни асраб қолиш юзасидан бўлаётган баҳс-мунозаралар ҳам тилга олинган.

Умуман олганда, материалда Ўзбекистон ўз тарихий меросини асраган ҳолда замонавий сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириб, дунёга қайта юз очаётган мамлакат сифатида эътироф этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари