Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

Сурхондарё имомлари иштирокида “яшил белбоғ” барпо этилмоқда

17.01.2026   16719   1 min.
Сурхондарё имомлари иштирокида “яшил белбоғ” барпо этилмоқда

#яшил_макон #янгилик

Ободлик кўнгилдан бошланади. Буни яхши англаган меҳнатсевар халқимиз ҳамиша бу заминни обод қилишга интилади. Атрофнинг гўзаллиги, яшилликка бурканиши, кишиларда баҳорий кайфият уйғотади. Бундай хайрли амаллар, аввало, инсонлар саломатлиги ва руҳиятига ижобий таъсир қилади. 
 

Муҳтарам Президентимиз 2025 йилнинг 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, Сурхондарё вилоятида чанг-тўзонларнинг олдини олиш мақсадида ўн минг гектар майдонда яшил макон барпо этиш борасидаги топшириқлари ҳам шу йўналишдаги эзгу ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлди.


Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакиллиги юртбошимизнинг хайрли ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда вилоятда мунтазам эсадиган чангли шамолларнинг салбий таъсирини камайтириш,  яшил белбоғлар барпо этишга киришди. Вилоятнинг Ангор ва Термиз туманларини боғловчи М-39 халқаро автомагистраль йўли бўйида жойлашган уч гектар ер майдонда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу тадбир олди жонлиқ сўйилиб, хайрли дуолар қилинди. Сўнг ҳудудда япон тути, жийда, катальпа ва сосна каби мевали ва манзарали кўчатлар экилиб, “яшил белбоғ” барпо этилмоқда.


Ана шундай хайрли ишларга барчамиз ўз ҳиссамизни қўшиб, юртимиз ободлигига ҳисса қўшайлик, азизлар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Сурхондарё имомлари иштирокида “яшил белбоғ” барпо этилмоқда Сурхондарё имомлари иштирокида “яшил белбоғ” барпо этилмоқда Сурхондарё имомлари иштирокида “яшил белбоғ” барпо этилмоқда Сурхондарё имомлари иштирокида “яшил белбоғ” барпо этилмоқда Сурхондарё имомлари иштирокида “яшил белбоғ” барпо этилмоқда
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

14.08.2026   34553   3 min.
Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

Марғилон – Фарғона водийсининг энг қадимий ва ўзига хос шаҳарларидан бири. Унинг тарихини фақат меъморий обидалар, қадимий кўчалар ёки машҳур ҳунармандчилик анъаналари билангина эмас, балки асрлар давомида халқ эъзозида бўлиб келаётган зиёратгоҳларсиз ҳам тасаввур этиб бўлмайди, хабар бермоқда ЎзА.

Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.

Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.

Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.

Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.

Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.

Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари