#яшил_макон #янгилик
Ободлик кўнгилдан бошланади. Буни яхши англаган меҳнатсевар халқимиз ҳамиша бу заминни обод қилишга интилади. Атрофнинг гўзаллиги, яшилликка бурканиши, кишиларда баҳорий кайфият уйғотади. Бундай хайрли амаллар, аввало, инсонлар саломатлиги ва руҳиятига ижобий таъсир қилади.
Муҳтарам Президентимиз 2025 йилнинг 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, Сурхондарё вилоятида чанг-тўзонларнинг олдини олиш мақсадида ўн минг гектар майдонда яшил макон барпо этиш борасидаги топшириқлари ҳам шу йўналишдаги эзгу ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакиллиги юртбошимизнинг хайрли ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда вилоятда мунтазам эсадиган чангли шамолларнинг салбий таъсирини камайтириш, яшил белбоғлар барпо этишга киришди. Вилоятнинг Ангор ва Термиз туманларини боғловчи М-39 халқаро автомагистраль йўли бўйида жойлашган уч гектар ер майдонда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу тадбир олди жонлиқ сўйилиб, хайрли дуолар қилинди. Сўнг ҳудудда япон тути, жийда, катальпа ва сосна каби мевали ва манзарали кўчатлар экилиб, “яшил белбоғ” барпо этилмоқда.
Ана шундай хайрли ишларга барчамиз ўз ҳиссамизни қўшиб, юртимиз ободлигига ҳисса қўшайлик, азизлар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати