#Маърифат_соати
Шу йил 15 январь куни Тошкент шаҳридаги «Шайх Зайниддин» жоме масжиди мажлислар залида пойтахтимизда фаолият юритаётган имом-хатиблар учун Маърифат соати бўлиб ўтди.
Tадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб бордилар.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдулвосит Ҳомиджонов ҳам тадбирда иштирок этиб, поёнига етган 2025 йилда имом-хатиблар хайрли ва халқимиз учун манфаатли ишларда фаол қатнашганини алоҳида эътироф этдилар.
Янги йилда ҳам шу жўшқинлик сақланиб қолиши, ҳар бир имом, имом ноиби юқори руҳда хизмат қилиш зарурлиги қайд этилди.
Янги йилда амалга ошириладиган ишлар режаси муҳокама қилиниб, таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.
Маърифат соати сўнгида хайрли дуолар қилинди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати