“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида таниқли диний уламо Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир бошида билим юрти талабалари томонидан тайёрланган Шайх Юсуфхон тўра Шокиров ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган “Илм ва маърифат йўлида кечган умр” мавзусидаги видео ролик намойиш этилди.

Мазкур тадбирга алломанинг ўғли, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида узоқ йиллар самарали хизмат қилган Муҳаммад Акмалхон Шокиров фахрий меҳмон сифатида таклиф этилди.
Тадбирни билим юрти маънавий ва маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари А.Ғаниев кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида Шайх Юсуфхон тўра Шокировнинг илм-маърифат ривожидаги ўрни ва диний соҳадаги фидокорона хизматларини алоҳида таъкидлади.
Муҳаммад Акмалхон Шокиров ўз нутқида оталари — Шайх Юсуфхон тўра Шокировнинг ҳаёт йўллари, илмга бўлган муҳаббати ва ибратли фаолиятлари ҳақида қимматли хотиралар билан ўртоқлашди. Шунингдек, толиби илмлар учун илм олишнинг фазилати, одоб-ахлоқ ва масъулият масалаларида муҳим маслаҳатлар бердилар.




Муҳаммад Акмалхон домланинг нутқидан сўнг билим юрти катта ўқитувчиси Ж.Холмўминов сўзга чиқиб, Шайх Юсуфхон тўра Шокировнинг илм йўлидаги машаққатли фаолияти, шунингдек, у зотнинг шогирдлари томонидан билдирилган эътирофлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Тадбир якунида Қуръони карим тиловат қилиниб, юртимизда илм йўлида умрларини бағишлаб ўтган алломалар ҳаққига, шунингдек, Ватанимизда тинчлик ва осойишталик бардавом бўлишини сўраб дуо-хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Ислом ишлари ва вақфлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ўзбекистонлик имом-хатиблар учун БААда малака ошириш ўқувлари бошланди. Бу ҳақда мазкур жараёнда иштирок этаётган Масжидлар билан ишлаш бўлими хабар берди.
Мазкур ўқув курсларининг асосий мақсади икки қардош мамлакат диний соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, илғор маърифий ёндашувлар, замонавий иш усуллари ҳамда долзарб диний-ижтимоий масалалар юзасидан фикр алмашишдан иборатдир.
Сафар доирасида бўлиб ўтган навбатдаги илмий-амалий машғулот давлатчилик асослари, бағрикенглик маданияти ва замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар мавзусига бағишланди. Унда БААнинг тараққиёт йўли, қонун устуворлиги ва жамият барқарорлигида «васатийя» (мўътадиллик) тамойилининг ўрни муҳимлиги таъкидланди. 200 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилаётган ушбу мамлакатда инсон қадри ва ўзаро ҳурмат асосий мезон эканига урғу берилди.
Ўз навбатида, БАА томони Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини юксак эҳтиром билан тилга олди.
Малака ошириш жараёнида иштирокчилар масжидлар фаолиятини ташкил этиш, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, хусусан, маъруза ва суҳбатларни замонавий ахборот технологиялари — интерактив тақдимотлар ва проекторлар орқали кўргазмали етказиш бўйича илғор амалиётлар билан яқиндан танишмоқдалар.
Тадбир давомида БАА раҳбариятининг глобал миқёсдаги инсонпарварлик ва хайрия ташаббуслари ҳам алоҳида эътироф этилиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган мазкур манфаатли сафарни ташкил этган мутасаддиларга самимий миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати