Инсон ҳаёти доимий ҳаракат, қарор ва танловлардан иборат. Бу йўлда инсон ўзини оқлаб яшаши ҳам, ўзини тарбиялаб, камолга интилиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам ақл эгалари ҳар куни ўзини тафтиш қилиб туришни ҳаёт қоидасига айлантирган. Ўзингизни тафтиш қилиш — бу ўзгани айблаш эмас, балки ўз қалбингизга рост қарашдир. Нима иш қилдим? Қандай сўз айтдим? Бировнинг ҳаққига хиёнат қилмадимми? Бировнинг кўнглини оғритмадимми? Мана шу саволлар инсонни тўғри йўлда ушлаб туради.
Ислом таълимотида ҳам нафсни ҳисобга тортиш улуғ амал сифатида таъкидланган. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳисобга тортилмасдан олдин ўзингизни ҳисобга тортинг», деганлар. Бу гап тасодифий эмас. Чунки ўзини тафтиш қилган инсон хатосини вақтида англайди, пушаймон бўлади ва тузатишга ҳаракат қилади.
Агар инсон ўзини текширмаса, камчиликни фақат бошқалардан қидиради. Бундай ҳолат эса кибр, ғурур ва адоватга олиб боради. Ҳолбуки, жамиятдаги кўп муаммоларнинг илдизи ҳам айнан ўз-ўзини назорат қилмасликдан келиб чиқади.
Ўзингизни тафтиш қилишнинг энг қулай пайти — кун охири. Кечқурун бир оз тўхтаб, ухлашга шошилмасдан, ўтган кунни тафтишдан ўтказинг. Яхши амаллар учун шукр қилинг, хато ва камчиликлар учун истиғфор айтинг. Шу оддий одат инсонни маънан поклайди, қалбни юмшатади.
Шунингдек, ўзингизни тафтиш қилиш атрофдагиларга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Чунки ўзини назорат қилган одам сўзига эҳтиёт бўлади, адолатли иш тутади, масъулиятни ҳис қилади. Бундай инсон оилада ҳам, жамоада ҳам ишончли бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, ўзингизни тафтиш қилиб туриш — ўзингиздан камчилик излаш эмас, балки камолга, хатоларни камайтиришга интилишдир. Бу одат инсонни хато йўлдан қайтаради, виждонни уйғоқ қилади ва охират учун ҳам, дунё учун ҳам манфаатли бўлади.
Акбаршоҳ Расулов
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ