Инсон ҳаёти доимий ҳаракат, қарор ва танловлардан иборат. Бу йўлда инсон ўзини оқлаб яшаши ҳам, ўзини тарбиялаб, камолга интилиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам ақл эгалари ҳар куни ўзини тафтиш қилиб туришни ҳаёт қоидасига айлантирган. Ўзингизни тафтиш қилиш — бу ўзгани айблаш эмас, балки ўз қалбингизга рост қарашдир. Нима иш қилдим? Қандай сўз айтдим? Бировнинг ҳаққига хиёнат қилмадимми? Бировнинг кўнглини оғритмадимми? Мана шу саволлар инсонни тўғри йўлда ушлаб туради.
Ислом таълимотида ҳам нафсни ҳисобга тортиш улуғ амал сифатида таъкидланган. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳисобга тортилмасдан олдин ўзингизни ҳисобга тортинг», деганлар. Бу гап тасодифий эмас. Чунки ўзини тафтиш қилган инсон хатосини вақтида англайди, пушаймон бўлади ва тузатишга ҳаракат қилади.
Агар инсон ўзини текширмаса, камчиликни фақат бошқалардан қидиради. Бундай ҳолат эса кибр, ғурур ва адоватга олиб боради. Ҳолбуки, жамиятдаги кўп муаммоларнинг илдизи ҳам айнан ўз-ўзини назорат қилмасликдан келиб чиқади.
Ўзингизни тафтиш қилишнинг энг қулай пайти — кун охири. Кечқурун бир оз тўхтаб, ухлашга шошилмасдан, ўтган кунни тафтишдан ўтказинг. Яхши амаллар учун шукр қилинг, хато ва камчиликлар учун истиғфор айтинг. Шу оддий одат инсонни маънан поклайди, қалбни юмшатади.
Шунингдек, ўзингизни тафтиш қилиш атрофдагиларга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Чунки ўзини назорат қилган одам сўзига эҳтиёт бўлади, адолатли иш тутади, масъулиятни ҳис қилади. Бундай инсон оилада ҳам, жамоада ҳам ишончли бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, ўзингизни тафтиш қилиб туриш — ўзингиздан камчилик излаш эмас, балки камолга, хатоларни камайтиришга интилишдир. Бу одат инсонни хато йўлдан қайтаради, виждонни уйғоқ қилади ва охират учун ҳам, дунё учун ҳам манфаатли бўлади.
Акбаршоҳ Расулов
Кувайт университети Тил маркази директори, доктор Ҳолид Ал-Фадли мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Мустақилликнинг 35 йиллик байрами муносабати билан яқин дўст ва қардош Ўзбекистон халқини чин дилдан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонлик барча биродарларимизга юксак тараққиёт, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ва янги муваффақиятлар тилайман.
Биз Ўзбекистон билан азалдан мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва самимий меҳр-оқибат ришталарига эгамиз. Ушбу муборак заминдан кўплаб буюк ва машҳур ислом уламолари етишиб чиққан. Бу бебаҳо илмий ва маънавий мерос нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун улкан бойлик ҳисобланади.
Кувайт университети ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида яқин ва самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганидан мамнунмиз. Кўп йиллардан буён ўзбекистонлик талабалар юртимизда, хусусан, Кувайт университетида араб тили ва маданиятимиз бўйича ўз билимини ошириб келмоқда. Улар бир ўқув йили давомида, яъни уч семестр мобайнида араб тилини пухта ўрганиш билан бирга, Кувайт маданияти, тарихи ва жамияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.
Ўзбек талабалари билан мулоқотлар давомида уларнинг таълим ва илмга жуда катта қизиқиш ҳамда иштиёқ билан ёндашишига алоҳида эътибор қаратдим. Улар нафақат араб тилини ўрганиш, балки бошқа халқнинг маданияти, санъати, иқтисодиёти ва ривожланиш тенденцияларини чуқур англашга интилаётгани қувонарли.
Араблар ва ўзбек халқи ўртасида асрлар давомида шаклланган чуқур тарихий, илмий ва маънавий алоқалар мавжуд. Мен ушбу дўстона ва қардошлик ришталари келгусида янада мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойишини истайман. Бу борада халқаро конференциялар ўтказиш, қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Кувайтдаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан билдирилаётган ташаббус ва таклифларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишга янада катта эътибор қаратиш зарур. Биз ҳам икки мамлакат ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар ва истиқболли ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдормиз.
Яна бир бор, қардош Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллик қутлуғ байрами билан қутлайман. Аллоҳ таоло қардош Ўзбекистон диёрига тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, тараққиёт ва улкан муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати