Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан олиб бораётган очиқ ва самимий мулоқотлари фуқароларни қизиқтирган кўплаб масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қабуллар давомида ҳар бир мурожаат диққат билан тингланиб, ўз вақтида ечим топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 21 январь куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида диний саволлар, имом-хатиблар фаолияти, масжидлар ҳолати ҳамда моддий ёрдам масалалари кўриб чиқилди.
Мурожаат қилганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар юзасидан тавсиялар ҳамда белгиланган тартибда моддий кўмак кўрсатилди.
Маълумки, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
"Report" хабарига кўра, ташриф Ўзбекистон бўйлаб медиа-тур доирасида бўлиб ўтди.
Имом Бухорий мақбараси Самарқанд вилоятидаги энг муҳим маънавий ва тарихий обидалардан биридир.
Ташриф давомида Озарбайжон оммавий ахборот воситалари вакиллари Имом Бухорий мақбараси, масжид, музей ва кутубхона вазифасини бажарувчи хонани ўз ичига олган ёдгорлик мажмуаси ҳудуди билан танишди. Журналистларга мажмуанинг яратилиш тарихи, Имом Бухорий ҳаёти ва илмий мероси, шунингдек, унинг ислом илм-фанидаги алоҳида ўрни ҳақида сўзлаб берилди.
Медиа-тур иштирокчилари мажмуанинг музей қисмига алоҳида эътибор қаратди. Бу ерда ислом маданияти ва Имом Бухорий меросига оид қўлёзмалар ва турли тарихий материаллар тақдим этилган. Шунингдек, музейда турли мамлакатлар вакиллари томонидан мажмуага совға қилинган Қуръони карим нусхалари ҳам сақланади.
Иштирокчиларга мажмуа турли мамлакатлардан келган диндорлар учун зиёратгоҳ ва алломанинг маънавий меросини асраб-авайлашнинг муҳим маркази эканлиги ҳақида сўзлаб берилди. Журналистлар мажмуанинг меъморий хусусиятлари ва ташриф буюрувчилар учун яратилган замонавий инфратузилма билан ҳам танишди.
Имом Бухорий энг нуфузли ислом уламоларидан бири ва ислом анъанасидаги энг муҳим ҳадис тўпламларидан бири бўлган "Саҳиҳ ал-Бухорий" ҳадислар тўпламининг муаллифи ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати