Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳаётдан олган дарсларим:
Ҳаётда мен билан фақат Аллоҳнинг Ўзи бор;
Қоқилсам — Аллоҳ мени суяйди;
Бемор бўлсам — Аллоҳ шифо беради;
Муҳтож бўлсам — Аллоҳ ҳожатимни чиқаради;
Гуноҳ қилсам — Аллоҳ мағфират қилади.
Шунинг учун қўрқмайман, хавотирга тушмайман, ғам чекмайман — чунки Роббим Аллоҳ бор.
Мени ларзага солган ибора:
Бомдод намози худди урушдек — унда фақат мардларгина бўлади.
Агар сиз бомдод намозини вақтида ўқимайдиганлардан бўлсангиз, тўхтанг, ҳаётингизни қайта кўриб чиқинг ва тезда ислоҳ қилинг.
Чунки Аллоҳ бомдодга фақат Ўзига яқин ва хос бўлган бандаларини уйғотади.
Агар сизнинг биринчи қарорингиз — бомдод намозига вақтида туриш бўлмаса, куннинг қолган режаларининг қиймати йўқ.
Чунки сиз муваффақиятнинг бошланишини йўқотдингиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Эй Абдуллоҳ, фалончи каби бўлма, у тунлари ибодат қилар эди, кейин тарк қилди”.
Солиҳ зотлардан бири айтади: “Агар тунги ибодат бўлмаганида, бу дунёда қолишни истамаган бўлар эдим”.
Бомдод_намози — муаммолар ечимининг калити, мўъжизалар дарвозаси, имконсизликнинг давосидир.
Аллоҳдан сўрайдиган эҳтиёжингиз борми?
Туннинг охирги учдан бирида туринг, тунги намозни ўқинг, сажда қилиб, эҳтиёжингизни сўранг, сўнг қаранг — қандай қилиб ато этилишини.
Ё Роббим…
Бандаларинг орасида хавотири уйқусини қочирган, ғам-қайғулари чарчатган, ташвишлари елкаларини эзганлари бор.
Улар Сенинг ёрдамингни кутмоқда, карамингдан умид қилмоқда, меҳринга муштоқ бўлмоқда. Роббим, уларни кенг раҳматингдан, улкан фазлингдан ва мағфиратингдан маҳрум этма.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Жорий йилнинг 2–3 сентябрь кунлари Қоҳира шаҳрида Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этади. Маълумки, жорий йил июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Бутунжаҳон Фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти аъзолигига қабул қилинган эдилар.
Халқаро йиғинда дунёнинг таниқли муфтийлари, фатво ва фиқҳ марказлари уламолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, Ал-Азҳар дорулфунуни каби нуфузли олийгоҳлар профессорлари ҳамда соҳа мутахассислари жам бўлади.
Кун тартибида сунъий интеллект, жадал рақамлаштириш ва замонавий биоэтика замонида оила институти мустаҳкамлигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш ҳамда маънавий инқирозларга исломий қадриятлар асосида шаръий ва илмий ечимлар топиш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати