Саҳл ибн Муъоз отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга Тубо бўлсин, Аллоҳ азза ва жалла унинг умрини зиёда қилсин», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ота-онасига яхшилик қилган фарзандларга катта мукофот ва баракотлар ваъда қилинмоқда.
Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга Тубо бўлар экан. Тубо жаннатнинг номларидан бири ёки жаннатдаги дарахтнинг исми ёхуд саодат ва яхшилик маъноларини англатади. Шуларнинг ҳаммаси ваъда қилинмоқда десак, яна ҳам маъқул бўлади.
«Умрини зиёда қилсин» деганда, умрини баракали қилиш маъноси тушунилади. Белгиланган умрини яшайди, лекин Аллоҳ таоло унинг умрини баракали қилиб қўяди.
Баъзи уламолар: «Аллоҳ таолонинг Ўзига осон, белгиланган умрни узайтирса ҳам Ўзининг иши, бунга биров аралаша олмайди. Аллоҳнинг иродасини ҳеч ким қайтара олмайди, хоҳласа, шундай бўлаверади», дейишади.
Демак, ким умрим баракали, узун бўлсин деса, ота-онасига яхшилик қилиши керак экан.
«Одоблар хазинаси» китоби 1-жуз
Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон муфтийси, шайх Нуриддин Холиқназарнинг Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топган муқаддас Рабиул аввал ойига бағишланган туркум мақолалари чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Мисрнинг “Al Gomhuria” нашри саҳифаларида Рабиул аввал ойи мусулмонлар қалбида алоҳида ўрин тутиши ва Умманинг Пайғамбаримизга бўлган чексиз муҳаббати туфайли бу ой анъанавий равишда “Мавлид ойи” деб аталиши ҳақидаги фикрлар кенг ёритилган. Материалда Муфтийнинг ушбу даврни янги маънавий кўтаринкилик билан кутиб олиш, уни “Набавий сийрат ойи” ва “Ибратли уммат ойи”га айлантириш, ибодат, ахлоқ ва маданият масалаларида Пайғамбаримиз ўгитларини амалий ўзлаштиришга қаратилган даъвати алоҳида таъкидланган.
“Ya7dosal2an” нашри ҳам Ислом эътиқодининг ажралмас қисми ва чин имоннинг асосий шарти бўлган Пайғамбаримизга бўлган муҳаббат сабаблари ҳақидаги методологик масалани қайд этган. Мақолада саҳобаларнинг садоқатига оид тарихий мисоллар ва гувоҳликлар келтирилган.
“Aldawlanews” ресурсида Исломни амалий тушунишнинг олий манбаи сифатида Набавий сийратни ўрганишнинг аҳамияти кўриб чиқилган бўлиб, унда шунчаки саналарни ёдлаш ўрнига ҳар бир тарихий воқеадан сабр, адолат ва раҳмат каби ҳаётий сабоқларни чиқариш зарурлиги урғуланган.
“Al Diplomacy” нашри эса Пайғамбаримизга бўлган чин муҳаббатнинг уч асосий белгисига — сийрат ҳақида тафаккур қилиш, суннатга сўзсиз эргашиш ва руҳлар шифоси ҳамда жамиятда ахлоқни мустаҳкамлашнинг маънавий асоси бўлган кўп салавот айтишга эътибор қаратди.
“Sada El Balad” расмий ресурси Ўзбекистон муфтийсининг Рабиул аввал ойини оилалар ва таълим муассасалари учун кенг қамровли тарбиявий лойиҳага айлантириш ташаббусини ёритиб, мусулмонларни ушбу ойни юксак ахлоқ ва жипсликнинг олий намунасига эргашиш йўлидаги янги дебочага айлантиришга чақирди.
“Eldameer” ахборот портали ҳам Ўзбекистон муфтийсининг асарларини атрофлича тақдим этиб, Рабиул аввал ойининг чуқур мазмуни ва суннатга эргашиш орқали маънавий покланишнинг муҳимлигига эътибор қаратди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати