Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Тунда бажариладиган суннатлар

21.01.2026   9489   4 min.
Тунда бажариладиган суннатлар

1. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда у ён-бу ёнга айланаётганларида қуйидаги зикрни айтар эдилар:

لاَ إله إِلا الله الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ رَبُّ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا الْعَزِيزُ الْغَفَّارُ.

“Лаа илаҳа иллаллоҳул вааҳидул қаҳҳаару Роббус самавати вал арзи ва маа байнаҳума ал-аъзийз ал-Ғаффор”

“Ягона ва Қаҳҳор бўлган Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг Робби Азийз ва Ғаффордир.

 

2. Кечқурун уйғонилганда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Кимки кечқурун уйғонса:

لا إلَهَ إلاَّ الله وحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ المُلْكُ ولَهُ الحَمْدُ، وهُوَ على كلِّ شيءٍ قَدير، الحَمْدُ لله وسُبْحانَ الله ولا إله إلا الله والله أكبر، ولا حَولَ ولا قُوةَ إلا بالله.

“Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулла шайин қодийр. Алҳамдулиллаҳ, Субҳаналлоҳ ва Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар ва Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”

“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У ёлғиздир. Унинг шериги йўқдир. Моликлик Унга хос. Барча ҳамду сано Унга хос. У ҳар бир нарсага қодирдир. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Аллоҳни поклаб ёд этаман. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ буюкдир. Ҳеч қандай ўзгартириш ва куч-қудрат йўқдир, магар Аллоҳ(нинг ёрдами) ила бўлур, деб айтса, сўнг «Аллоҳим, мени кечиргин» деса, (ёки дуо қилса, дедилар) албатта, ижобат қилинади. Агар таҳорат қилиб, намоз ўқиса, намози қабул қилинади» (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).


3. Қўрқиб уйғонилганда:

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: إِذَا فَزِعَ أَحَدُكُمْ فِي النَّوْمِ، فَلْيَقُلْ: أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللَّهِ التَّامَّاتِ مِنْ غَضَبِهِ وَعِقَابِهِ، وَشَرِّ عِبَادِهِ، وَمِنْ هَمَزَاتِ الشَّيَاطِينِ، وَأَنْ يَحْضُرُونِ. فَإِنَّهَا لَنْ تَضُرَّهُ.

Амр ибн Шуайб розияллоҳу анҳудан нақл қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бирортангиз уйқуда қўрқса:

“Аъузу бикалиматиллаҳит таммати мин ғозобиҳи ва иқобиҳи ва шарри ибадиҳи ва мин ҳамазатиш шайатийн ва ай-яҳзурун”

“Аллоҳнинг мукаммал калималари ила Унинг ғазаби ва жазоси, бандаларининг ёмонликлари, шайтонларнинг васваслари ва уларни менинг олдимга келишларидан паноҳ тилайман”, десин (Имом Термизий ривояти).

 

4. Ёмон туш кўрганда:

وعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ ، أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ يَقُولُ: إِذَا رَأَى أَحَدُكُمْ رُؤْيَا يُحِبُّهَا فَإِنَّمَا هِيَ مِنَ اللَّهِ، فَلْيَحْمَدِ اللَّهَ عَلَيْهَا وَلْيُحَدِّثْ بِهَا، وَإِذَا رَأَى غَيْرَ ذَلِكَ مِمَّا يَكْرَهُ، فَإِنَّمَا هِيَ مِنَ الشَّيْطَانِ، فَلْيَسْتَعِذْ مِنْ شَرِّهَا وَلاَ يَذْكُرْهَا ِلأَحَدٍ، فَإِنَّهَا لاَ تَضُرُّهُ. صحيح البخاري،

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ўзига ёқадиган туш кўрса, уни Аллоҳ таоло сизга марҳамат қилган бўлиб, бунинг учун дарҳол Раббингизга ҳамду сано айтсин ва кўрган тушини(яхши одамларга) айтсин. Агар кўнгли хушламайдиган тушни кўрса, демак, у шайтон тарафидан бўлиб, унинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ тиласин:

“Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” ва уни ҳеч кимга айтиб бермасин. Шунда кўрган ёмон туши унга зарар келтира олмайди!” дедилар (Имом Бухорий ривояти).

وعَنْ جَابِرٍ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ ، أَنَّهُ قَالَ: إِذَا رَأَى أَحَدُكُمُ الرُّؤْيَا يَكْرَهُهَا، فَلْيَبْصُقْ عَنْ يَسَارِهِ ثَلاَثًا، وَلْيَسْتَعِذْ بِاللَّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ ثَلاَثًا، وَلْيَتَحَوَّلْ عَنْ جَنْبِهِ الَّذِي كَانَ عَلَيْهِ. صحيح مسلم،

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ўзи ёқтирмайдиган туш кўрса, чап тарафига уч марта туфласин ва шайтондан Аллоҳ таолодан паноҳ тиласин ҳамда бошқа тарафга ўгирилиб олсин”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Уйқуда ёмон туш кўрганда нима қилиш керак экани юқоридаги ҳадисларда баён қилинди. Лекин уларнинг энг афзали Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллама айтганларидек: “Бирортангиз ёқтирмайдиган туш кўрса туриб намоз ўқисин ва тушини ҳеч имга айтмасин”.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон туристик компаниялари Ар-Риёздаги халқаро кўргазмада иштирок этди

15.09.2026   8487   2 min.
Ўзбекистон туристик компаниялари Ар-Риёздаги халқаро кўргазмада иштирок этди

Саудия Арабистони пойтахтида “WTM Spotlight Riyadh 2026” халқаро туристик кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон туризм индустрияси вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мамлакатимиз туристик салоҳиятини «Asialuxe Travel», «Zamin DMC» ва «Bazar Travel» компаниялари намойиш этди. Улар кўргазманинг ишбилармонлик дастурида фаол иштирок этиб, Саудия Арабистони ҳамда бошқа хорижий давлатлар туризм соҳаси вакиллари билан бир қатор самарали учрашувлар ўтказдилар.

“WTM Spotlight Riyadh” Саудия Арабистони туризм бозорининг халқаро ҳамкорлар билан ўзаро алоқалари учун асосий профессионал майдонлардан бирига айланди. Кўргазма туроператорлик бизнеси, қабул қилувчи компаниялар, меҳмонхона сектори, авиация тармоғи, туристик технологиялар ва индустриянинг бошқа йўналишлари вакилларини бирлаштирди. Тадбирда минтақавий ва халқаро ташриф буюрувчилар, 450 дан ортиқ экспонентлар ҳамда 30 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашди.

Уч кун давомида ўзбекистонлик компаниялар вакиллари саудиялик туроператорлар, туристик агентликлар ва бозорнинг бошқа иштирокчилари билан музокаралар ўтказдилар. Мулоқотларда шериклик дастурларини ривожлантириш, Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда янги қўшма туристик маҳсулотларни шакллантириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонни маданий-маърифий, оилавий, премиум ва индивидуал туризм учун жозибадор йўналиш сифатида тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Саудиялик ҳамкорларга Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларининг туристик имкониятлари, Буюк ипак йўлининг тарихий мероси, замонавий меҳмонхона инфратузилмаси, миллий таомлар ҳамда индивидуал ва гуруҳли туристик дастурларни ташкил этиш имкониятлари намойиш этилди.

Ўзбекистон туризм тармоғи вакиллари, шунингдек, саудиялик ҳамкорлар билан сайёҳларни кутиб олишни ташкил этиш, Кўрфаз мамлакатларидан келувчи саёҳатчиларнинг афзалликларини ҳисобга олган ҳолда ихтисослаштирилган йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда Саудия Арабистони бозорида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини янада тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбек туристик компанияларининг “WTM Spotlight Riyadh 2026” кўргазмасидаги иштироки подшоҳлик туристик бизнеси вакиллари билан бевосита алоқаларни кенгайтириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини излаш учун қўшимча имконият бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари