Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Жиззах вилояти Бахмал туманидаги “Новқа ота” жоме масжиди имом-хатиби Шароф домла Азимовнинг волидаи муҳтарамалари Бахмал ҳожи онанинг вафоти муносабати билан таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳумани Ўз мағфиратига олиб, иймон ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳуманинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила мукофотласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига хусусан, Шароф домла Азимовга ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам га кўп салавот айтиш ризқларни кўпайтиради, баракаларни зиёда қилади, ҳожатларни қондириб беради, ғам-ташвиш ва барча қайғуларни кетказади".
Ибн Қаййим ал-Жавзия раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: "Агар мўминлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг фазилатини билганларида, тиллари ҳеч қачон ундан тўхтамас эди. Албатта, Пайғамбарга салавот айтиш қалбингдаги барча ниятлар ижобат бўлишига сабаб бўлади. Унинг самараларидан бири — Қиёмат куни сирот кўпригида собит туриш ва ундан ўтишга ёрдам бериши".
Ибн ал-Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Агар Аллоҳ бир бандасига яхшиликни истаса, унинг тилини Муҳаммад ﷺ га салавот айтишга осон қилади".
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтишда қуйидаги фазилатлар бор: "Гуноҳлар кечирилиши, хатоларнинг ювилиши, дуоларнинг қабул бўлиши, ҳожатларнинг қондирилиши, қийинчилик ва ғамларнинг кетиши, яхшилик ва баракаларнинг келиши, Ер ва Осмон Роббисининг розилигига эришиш. Шунингдек, у қабрда эгаси учун нур бўлади ва турли балолардан нажот беради".
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш сенинг ғамингни кетказади ва гуноҳларингни кечирилишга сабаб бўлади. Шу билан сен дунё ва охират бахтига эришасан.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтадилар. Эй иймон келтирганлар! Сизлар ҳам унга салавот айтиб, салом йўлланглар”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар бўлсин.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ