Имом Ғаззолий шундай деди:
«Бола ота-онасининг қўлида омонатдир. Унинг қалби ҳар қандай нақш ва безакдан холи, нафис ва беғубор гавҳарга ўхшайди. У ҳар қандай нақшни қабул қила олади ва барча кўнгил интиладиган нарсага мойил бўлади. Агарда у яхшиликка одатлантирилса ва ўргатилса шунга қараб вояга етади. Ота-онасини ҳам ўз савобига шерик қилади. Бордию ёмонликка одатлантирилса ва қаровсиз ташлаб қўйилса бадбахтга айланади ва ҳалок бўлади. Унинг гуноҳи эса унга масъул бўлганлар ва валийлари бўйнига тушади».
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф
таржимаси
#xabar #seminar #imom #malaka
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ва иш самарадорлигини юксалтириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда 8–9 сентябрь кунлари Диний идоранинг Масжидлар билан ишлаш ҳамда Кадрлар бўлимлари ҳамкорлигида республикамиз бўйича янги лавозимга тайинланган 55 нафар имом-хатиб ва имом ноиблари учун икки кунлик ўқув-семинари ўтказилди.
Машғулотлар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов, Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори, шунингдек, Фатво маркази, Кадрлар билан ишлаш, Ички назорат бўлими мутасаддилари ўз йўналишлари бўйича маъруза қилдилар.
Хусусан, соҳа мутасаддилари томонидан муваффақиятли имом бўлиш омиллари, гўзал қироат ва тажвид қоидалари, шаръий масалаларга тўғри ёндашиш, фаолият самарадорлигини баҳолаш (KPI), қонун-қоидаларга қатъий риоя этиш, меҳнат муносабатлари ҳамда жамоат билан ишлаш кўникмалари юзасидан зарур амалий тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати