Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Болани уриш бу, тарбия беришда маҳоратсизлик белгиси ҳисобланади. Чунки ҳақиқий солиҳ инсонлар болаларини ширин сўзлар билан тарбиялайди. Фарзанд нотўғри иш қилганида танбеҳ бериш, уриш-сўкиш тарбиядаги нотўғри услубдир.
Инсон зоти доимо меҳр-муҳаббатга эҳтиёжли бўлади. Айниқса, болалар бу нарсага жуда ҳам муҳтожлар. Аслида, меҳр-муҳаббат дини бўлмиш Ислом, шунинг учун ҳам болаларга меҳр-муҳаббат кўрсатишни ота оналарга вазифа этиб йуклаган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда Ақраъ: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар-да, сўнг: «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас», – дедилар» (Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).
Шундай экан биз ҳам Аллоҳ таоло бизга ато қилган фарзанд деб аталмиш неъматнинг қадрига етишимиз, фарзандимизнинг одобини гўзал қилишимиз, келажакда уни ўзи учун ҳамда яшаб турган жамиятига фойда келтирувчи қилиб тарбиялашимиз лозим. Валлоҳу аълам.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати