Хориж сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мисрда таълим олаётган талаба-ёшлар билан дилдан суҳбат қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон ва Миср ўртасида яқин ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, айниқса, диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини қайд этдилар. Айниқса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Мисрнинг диний муассасалари – Азҳари шариф, Вақфлар вазирлиги ва Дорул ифто ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари жадал ривожлангани, хусусан, диний таълим йўналишида малакали кадрларни жалб қилиш, имом-хатиблар малакасини ошириш, халқаро анжуман-кўргазмаларда икки томонлама фаол иштирок ва ҳамкорлик қилинаётгани кабиларга тўхталдилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан мамлакатимизда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳадаги янгилик ва ўзгаришлар, мўмин-мусулмонларга берилаётган имкониятлар, хусусан, Фатво маркази фаолияти, масжид-мадрасалар очилиши, мавжудлари обод қилиниши, ўлкамизда фаолият олиб бораётган Қуръони карим ва тажвид курслари, мадрасалар фаолияти ва таълим сифати тубдан яхшилаётгани ҳақида сўзлаб, мана шундай хайрли ишларда ал-Азҳар каби дорулфунунларни тамомлаган аҳли илмлар ҳам камарбаста бўлишлари зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, охирги йилларда диний соҳа ходимларига эътибор тубдан яхшилангани, касбий салоҳиятни ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларига катта эътибор қаратилаётганини қўшимча қилдилар.
Ўз навбатида она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга содиқлик, эътиқод мустаҳкамлигини сақлаш ва белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида талаба-ёшлар мана шундай самимий мулоқотлар, давлатимизнинг доимий эътибор ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик изҳор этиб, келажакда юрт ривожи ва халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилишларини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати