Муносабат
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Ёшларга насиҳатим” китобида (24579 та сўз қўлланилган) илк нозил бўлган Алақ сурасида “Иқро (ўқинг)” сўзи икки марта такрорланиши келтирилган.
Биринчи “ўқинг” сўзидан кейин инсонни жуда ҳақир ва арзимас лахта қон ҳолати зикр қилинди. Иккинчисидан кейин эса инсоннинг қадрли ва шарафли, илм-маърифатли ҳолати баён қилинди. Шунга кўра, ким дунёда ўқиб-ўрганса, қадр-қийматга эга бўлади. Акс ҳолда, ўша ҳолича – қадр-қийматсиз қолиб кетади.
Мазкур китоб бизни мутолаа тўғрисида ёзишга ундади.
Англияда биринчи синфдан то университетнинг сўнгги босқичигача бўлган даврда ўқувчи ва талабаларнинг дарсликларида 71 мингдан ортиқ сўз қўлланилар экан. Бу кўрсаткич Японияда 42 минг, Италияда 30 мингдан, Туркияда эса 7–10 минг орасида экан. Хўш, ўзимизда-чи? Бу борада мутахассисларга мурожаат қилганимизда ҳар хил рақамлар айтилди: 5–10 минг атрофида...
Одатда, бошланғич синф ўқувчилари “навбатчи сўзлар”ни кўп ишлатадилар: “Яхшимисиз?”, “келдим-кетдим”, “кўрдим”, “ўқидим”, “жавоб қайтаролмадим”, “ёздим-чиздим”, “раҳмат”, “соғ бўлинг”, “хайр” ва ҳоказо. Худди шу сўзларни университетнинг талабалари ҳам қўллайдилар.
Бу нимадан дарак? Бу сўз бойлигимиз камлигидан, китоб ўқимаслигимиздан дарак. Ҳатто кўрган-кечирганларимиз воқеа-ҳодисаларни ҳам эплаб айтиб бера олмаймиз. Нега? Чунки мутолаадан йироқлашиб кетдик.
9-синфда ўқийдиган ўғлимнинг телеграмида “Синфдошлар гуруҳи” бор. Яқинда ўғлимга: «Гуруҳингга: “Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини ким тўлиқ ўқиб чиққан?” деб ёз-чи», дедим. Орадан икки кун ўтгач, ўғлим телефонини кўрсатди. Мазкур романни 20 нафар ўқувчидан бор-йўғи 3 киши тўлиқ ўқиган, яна 3 нафари эса “Ўтган кунлар”ни қўлига олган-у, бироқ тили оғирлик қилгани боис ташлаб қўйганини ёзибди. Айримлар эса Абдулла Қодирий киму унинг романи нима ҳақидалигини ҳам билмас экан.
Хўш, нега биз аждодларимизнинг китобларини ўқимай қўйдик?
Нима учун оила бошлиқлари – ота-оналар, бобо-бувилар оила даврасида фарзанди, набираларига аждодларимизнинг дурдона асарларидан парчалар айтиб беришмаяпти?
Нега болаларимизга: “Фалон китобни тўлиқ ўқиб чиқиб, мазмун-моҳиятини айтиб берсанг, сени мукофотлаймиз”, деб уларни мутолаага қизиқтирмаймиз?
Нега жадидчи-маърифатпарвар боболаримиз ёзган китобларни бугун фақат мутахассисларгина ўқиб тушуняпти?
Нима учун бугун Алишер Навоийнинг асарларини ўқисак, уйқумиз келади?
Шу саволларни зиёли тенгқурларимга бериб кўрдим. Улар: “Аждодларимиз асарларининг тили оғир. Шу боис кўпчилик уларни тушунишга қийналади”; “Бугун ахборот асри. Турли гаджетлар оммалашиб кетди. Ёшлар шулар билан андармон бўлиб қолди”; “Оила даврасида китоб ўқилмай қўйди. Қуш уясида кўрганини қилади-да”; “Ота-онанинг қўлидан телефон тушмагандан кейин фарзанддан нимани ҳам кутиш мумкин?” каби жавоблар бўлди.
Тижорат ёки бошқа иш билан шуғулланадиган танишларимнинг жавобларини эшитиб, очиғи афсусландим. Уларнинг айримлари: “Китоб нима ҳам берарди?” деган хунук жавобни айтишди.
Шу ўринда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг кунчиқар юрт – Япониядан қайтгач, сафар таассуротлари ҳақида айтган гапи эсимга тушди: “Японияда ҳатто тиланчиларнинг ҳам қўлларидан китоб, газета тушмас экан”.
Бир танишим айтган эди, у 2016 йил Англияда денгиз бўйлаб саёҳат қилиш асносида кема бошқарувчиси билан танишиб қолибди. Ундан:
– Шекспирни ўқийсизларми? – деб сўрабди (биласиз, Уильям Шекспир 1616 йили вафот этган, яъни 400 йил олдин). Кема бошқарувчиси танишимга жиддий қараб:
– Бизда Шекспир асарларини ўқимаган киши зиёли ҳисобланмайди, – деб жавоб берибди. Шунда танишим унга:
– Сиз суҳбат асносида оилангиз ҳақида ҳам гапира туриб, қизингиз университетга тайёрланаётганини айтдингиз. У ҳам Шекспир асарларини ўқийдими? – деб сўрабди.
Кема бошқарувчиси:
– Қизим Шекспирни тушуниши учун махсус ўқитувчи ҳам ёллаганман, – дебди...
Эътибор беринг-а, англиялик бир киши 4 аср олдин вафот этган бир адиб асарларини фарзандларига ўргатяпти. Бизда-чи: қайси биримиз болаларимизга ҳар куни Алишер Навоий асарларидан, оз-оз бўлса-да, ўқитяпмиз. Қай бир ўзбек хонадонида сериал кўрилмай, унинг ўрнига Аҳмад Яссавий, Бобораҳим Машраб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Сўфи Оллоёр асарлари мутолаа қилиняпти? Телефон, гаджетларни бир четга суриб, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий каби маърифатпарвар боболаримизнинг китобларини қўлдан қўймай ўқиётган мутолаа шайдолари борми?
Бир инглиз ўз фарзандига 20 минг сўз ишлатган Уильям Шекспир китобларини алоҳида ўқитувчи ёллаб ўргатар экан, такрорсиз 75 минг сўз қўллаган Навоийнинг, 22 минг калима ишлатган Ойбекнинг, 22 минг сўздан истифода қилган Абдулла Қаҳҳор китобларини ўрганишга, ўргатишга эътиборсизлигимизни қандай баҳолаш мумкин?!
Беш юз йил олдин яшаган Навоий ҳазратни қўя турайлик, 20 йил олдин омонатини топширган Шукур Холмирзаевни бугун ўқиётганлар борми? 10 йил олдин боқий дунёга риҳлат қилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг китобларини-чи?!
Хўш, биз-чи? Кеча неча бет китоб ўқидик, бугун қанча ўқиймиз?
Китоб ўқимаган одам маънавий жиҳатдан қашшоқлашиб бораверади. Охири у юқорида келтирилганидек (Аллоҳ асрасин!): “Китоб нима ҳам берарди?” деган гапни айтишдан ҳам тап тортмайди.
Фарзандларимизни китобга қандай ошно қилишимиз мумкин? Бу жараёнда, аввало, оилавий муҳит муҳим аҳамиятга эга. Яъни ота-онанинг, дўстларнинг, устозу мураббийларнинг ёшларни китобга меҳрли қилишда турли тарғибот усулларини қўллашлари керак. Баъзан бир оғиз ширин сўз ҳам инсоннинг келажагига пойдевор бўлиши мумкин.
Бугун фарзандларимизга Имом Қатода раҳимаҳуллоҳнинг бир туя китобни ёд олганини, Имом Шаъбийнинг: “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, деган сўзини, Ашраф Али Таҳонавийнинг қисқа умри давомида бир ярим мингта китоб ёзганини, Ибн Рушд умри давомида икки кеча: уйланган ва отаси вафот этган кеча китоб ўқий олмагани учун афсусланганини бот-бот эслатиб туришимиз зарур. Шунда улар китобга ошно бўладилар.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўради ва у зотдан: “Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг”, дейди. Набий алайҳиссалом: “Кимнинг икки куни бир хил ўтса, у зарардадир. Кимнинг эртаси бугунидан ёмон бўлса, у лаънатлангандир. Ким ўз камчиликларини тузатиб бормаса, у таназзулга учрайди. Ким таназзулга учраса, унинг учун ўлим яхшироқдир”, дедилар (“Ҳилятул авлиё”).
Хулоса қилиб айтсак, илдизидан узилган дарахтнинг қуриши муқаррар бўлгани сингари китоб мутолаасидан узоқлашган, Қодирий, Авлоний, Беҳбудийларни, Сўфи Оллоёр, Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий асарларини ўқимаган, ҳадисларни билмаган, Қуръони карим сураларини ёд олмаган кишининг ҳам таназзулга юз тутиши турган гап. Шундай экан, кўп китоб ўқишга ўрганайлик, фарзандларимизга ҳам ўргатайлик.
Толибжон НИЗОМ
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати