Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Наманган вилоятидан келиб таҳсил олаётган талабалар учун “Масофаларни яқин қилувчи мулоқот” шиори остида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги ташаббуси билан ташкил этилди.Наманган вилояти бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икромов 30 нафар талаба билан юзма-юз суҳбатлашиб, одоб-ахлоқ, устозга ҳурмат ва илм йўлида олий ҳимматли бўлиш ҳақида маънавий-ҳаётий насиҳатлар берди.
Тадбир якунида 30 нафар талабага эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, энг фаол 4 нафар талабага тўлов-шартномаларини қоплаш учун 10 миллион сўмдан махсус сертификатлар тақдим этилди.
***
22-январь куни «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида Наманган вилоятидан келиб таҳсил олаётган талабалар учун «Масофаларни яқин қилувчи мулоқот» шиори остида давра суҳбати ўтказилди.
ЎМИ Наманган вилояти бош имом-хатибининг ўринбосари Акмалхон домла Аҳмедов 12 нафар талаба билан очиқ мулоқот ўтказиб, илм олишда тўғри ният, исломий одоб-ахлоқ ва устозларга ҳурмат масалаларига эътибор қаратди.
Тадбир якунида талабаларга эсдалик совғалари топширилди.
Бу каби учрашувлар ёшлар учун моддий-маънавий мадад ва юрт равнақи йўлида хизмат қилишга катта рағбат бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати