Руҳ ўлмайди… балки қайтади
Инсон қандай қилиб уйқусида ақлга сиғмас манзараларни кўради?
Қандай қилиб кулaди, йиғлайди, қўрқади, оғриқни ҳис қилади… ҳолбуки у ухлаб ётади?
Ҳеч хаёлингиздан ўтганми:
Набий алайҳиссалом Исро ва Меърож кечасида пайғамбарлар билан қандай учрашдилар… улар эса оламдан ўтган эдилар?
Бу сирнинг барчаси ўша ажойиб махлуқда, яъни руҳа.
Доктор Мустафо Маҳмуд айтади:
Кеча улуғ шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг руҳ ҳақидаги ажойиб дарсини эшитдим…
Бу – фақат Аллоҳ билган илоҳий сир, у бундай дейди:
Айримлар савол беради:
Қандай қилиб Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом Байтул-Мақдисда барча пайғамбарлар билан учрашдилар, ҳолбуки улар вафот этган эдилар?
Жавоб жуда оддий:
Бу – Аллоҳнинг қудрати!
Чегараси йўқ, идрок қилиб бўлмас қудрат.
Қандай қилиб бедор ҳолдаги руҳимиз билан тушдаги руҳимиз фарқ қилса…
Уйқуда кўзларимиз ёпиқ бўлади, лекин биз тўлиқ бир оламни яшаймиз!
Кўрамиз, эшитамиз, қувонамиз, қўрқамиз, оғриқ сезамиз, баъзан қўрқиб уйғониб:
Алҳамдулиллаҳ… бу фақат туш экан! деймиз.
Баъзан эса чиройли тушдан табассум билан уйғониб, унинг хотиржамлиги бутун кун давомида биз билан қолади.
Руҳларимиз чиқиб кетади, сайр қилади…
Ҳақиқатда танимаган инсонлар билан учрашади, бедор ҳолда ҳис қилмайдиган оламларга киради.
Барзахдаги руҳларимиз… ва Қиёматдачи?
Руҳларимиз барзах оламида ҳам бошқача бўлади,
Қиёмат куни эса… Энг юксак даражаларга кўтарилади,
кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, инсон қалбига ҳам келмаган нарсаларни кўради.
Бу – Аллоҳнинг қудрати, у билан ҳабибимиз Мустафо алайҳиссалом пайғамбарларни тушда эмас, ҳушёр ҳолда кўрдилар.
Мени доим таассуротга соладиган ибора бор: бирор киши вафот этганда муаззин: “Фалончи фалон ўғли Аллоҳнинг раҳматига кўчди” дейди.
Қандай таскинли сўз… У ўлмади… балки кўчди!
Аллоҳнинг раҳматига, меҳрига, мутлақ адолатига кўчди.
Фоний танага маҳбус бўлган руҳи энди бошқа оламга йўл олди, бизнинг дунёмизга ҳеч ўхшамайдиган оламга.
Руҳ ўлмайди… балки қайтади.
Руҳ йўқ бўлмайди, азизлар…балки кўчади, юксалади, кўтарилади, ўзининг асл ватанига қайтади.
Бу ер ҳеч қачон бизнинг доимий масканимиз бўлмаган, бу – фоний дунё, боқий эмас, дам олиш учун эмас, имтиҳон учун яратилган ер.
Аллоҳ таоло айтади: “Ўлимни ҳам, ҳаётни ҳам яратган – сизларнинг қайсингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун”.
Дуо: Ё Аллоҳ! Руҳларимизни енгил, хотиржам ва пок қил, Сени рози қилган ҳолда, имон ва офият билан Сенга кўтарилишини насиб эт.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ кўп тавба қилувчилар ва кўп покланувчиларни суяди. Ҳатто у бандасининг тавбасидан хурсанд бўлади. Унинг хурсандлиги жазирама, қуш учса қаноти куядиган чўлда туясида ичимлиги ва таомлари билан кетаётиб уни йўқотиб қўйган, қидира-қидира умидини узиб ўлимга тайёрлана бошлаган ва хушидан кетган ҳамда ўзига келиб туясини топиб олган кишининг хурсандчилигидан кўра қаттиқроқ бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларига бундай марҳамат қилади:
﴿وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ﴾
“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур сураси, 31-оят).
Тавба – кўз ёшлар суви ва надомат олови билан қалбни поклашдир. Тавба қалбда олов, нафсда алам, кўнгилда синиқлик ва кўздаги ёшдир. У Аллоҳ томон юрувчилар йўлларининг боши ва муваффақиятга эришганларнинг сармоясидир. Тавба қилувчи инсон тазарру қилиб ёлворади, ҳўнграб йиғлайди, инсонлар хотиржам бўлсаларда унинг қалби сокинлашмайди, махлуқотлар тинчлансада унинг қўрқуви тинмайди. Шунинг учун ҳам кечалари Роббисининг ҳузурида маҳзун қалби, ғамга тўлган кўнгли билан қалтираб туради. Агар хатолари кўплиги ва гуноҳлари катта эканини ҳис қилса қалби қайтадан ёниб кетади, кўз ёшлари сел бўлиб оқади ва бу дунёни оддий бир матоҳ деб била бошлайди.
Шуъла: Ижобий ва оптимист бўлиб фикрланг. Агар кунларингиз ёмонлашиб кетган бўлса, бу – тез орада келадиган шодлик ва сурурга тўлган кунларнинг бошланишидир.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан