Бу ҳадиси шарифда одобнинг улуғ асосларидан бири баён этилган.
Баъзи олимлар бу ҳадисни илмнинг учдан бири дейишган, бошқалари эса илмнинг тўртдан бири ёки Исломнинг тўртдан бири деганлар.
Абдуллоҳ ибн Абу Зайд айтади: «Барча яхши одоблар тўртта ҳадисдан ўрганилади, улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шу ҳадисларидир: “Кишининг ўзига фойдаси йўқ ишни қилмаслиги унинг Исломи гўзаллигидандир”».
Имом Абу Довуд айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган беш юз мингта ҳадисни ёзиб олдим, уларнинг тўрт минги собит (ишончли) бўлиб, улар бу тўртта ҳадисда ифодаланган:
“Амаллар ниятларга боғлиқ”;
“Кишининг фойдаси йўқ шни қилмаслиги унинг Исломи гўзаллигидандир”;
“Ҳалол аниқ ва ойдиндир, ҳаром ҳам аниқ ва ойдиндир”;
“Киши ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам яхши кўрмагунча мўмин бўлмайди” (Баъзи ривоятларда унинг ўрнига “Дунёга кўнгил берма, Аллоҳ сени севади” ҳадиси келган)».
Биз ўрганаётганимиз ҳадис мусулмонни ўзига аҳамиятли бўлмаган нарсалар ҳақида гапиришдан, фойдасиз ишларни қилишдан қайтаради.
“Фойдасиз ишларни қилмаслиги”, дегани кишига тааллуқли бўлмаган гап, иш ва ҳамма нарсалардир, яъни унинг дини ва дунёсида фойдаси бўлмаган, Аллоҳ таолонинг розилигини топишда тўсиқ бўладиган нарсалардир.
Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ айтган: “Фойдасиз ишни қилмасликдан мурод тилни беҳуда гаплардан сақлашдир”.
Мусулмоннинг ўзига фойдаси бўлмаган ишни қилиши Исломининг гўзаллигини камайтиради ва салбий натижаларга сабаб бўлади.
Қалбинг қаттиқлашишига, танасининг заифлашишига ва ризқнинг танг бўлишига олиб келади.
Луқмони Ҳакимдан: “Қайси амалингизни ишончлироқ деб биласиз?” деб сўраганларида, у: “Менга фойдаси бўлмаган ишни қилмадим”, деб жавоб берганлар.
Молик ибн Динор айтганлар: “Агар қалбингда қаттиқлик, танангда заифлик ва ризқингда тангликни кўрсанг, билгинки, сен ўзингга фойдаси бўлмаган гапларни гапиргансан”.
Киши ёқтирмайдиган нарсаларни эшитишига сабаб бўлиши мумкин.
Бир киши Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ёнига кирганида, у оёқ кийимини ямаётган эдилар. У киши: “Эй Абу Абдурраҳмон, шу оёқ кийимни ташлаб, янгисини олсангиз-чи!” деди. Ибн Умар унга: “Оёқ кийимим билан нима ишинг бор? Ўз ишингга қара”, дедилар.
Фойдасиз нарсалар вақтни зое қилади.
Бугунги кунда кўп одамлар ижтимоий тармоқларда тарқалган ўзларига тегишли бўлмаган, ҳатто уларнинг қизиқиш доирасига кирмайдиган хабарларни кузатиш билан машғулдирлар. Агар улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳадисларига амал қилганларида, вақтларини динлари ёки дунёларида фойда келтирадиган нарсаларга сарфлаган бўлар эдилар.
Кўп савобдан қуруқ қолишга сабаб бўлиши мумкин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар бирингиз Исломини гўзал қилса, оламдан ўтгач, унинг қилган ҳар бир яхши ишига ўн баробаридан етти юз баробаргача ёзилади. Ҳар бир гуноҳ фақат ўзича ёзилади” (Муттафақун алайҳ). Мусулмон ўзига тегишли бўлмаган гапни гапирса, жавобгар бўлади.
Имом Абу Яъло ва Имом Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бир киши шаҳид бўлди. Бир йиғловчи аёл йиғлаб, унга: “Вой, шаҳидим!” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Унинг шаҳид эканини қаердан биласан? Эҳтимол, у ўзига фойдасиз нарсани гапирган ёки молини камайтирмайдиган нарсада бахиллик қилган бўлиши мумкин”.
Одамлар орасидаги тотувликни бузувчи ва меҳрни йўқотувчи сабаблардан биридир.
Ўзгаларнинг шахсий ишларига аралашиш ва алоқаси бўлмаган ишларга бош суқиш ана шуларга сабаб бўлади. Агар у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсияларига амал қилганида, ундай қилмаган бўлар эди.
Аллоҳ бир бандага ғазаб қилса, уни ўзига фойдаси бўлмаган нарсалар билан машғул қилиб қўяди.
Абу Дужона розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳолида айтилишича, у киши касал бўлганида дўстларидан бири унинг ёнига кирди. Юзи ялтираётган эди. “Нега юзингиз ялтираяпти?” деб сўраганида, у киши: “Мен учун энг ишончли амалим икки нарса: ўзимга фойдаси бўлмаган нарсани гапирмас эдим ва қалбимда мусулмонларга нисбатан ғараз йўқ эди”, деди (“Сиярул аълом ан-нубало”).
Имом Молик айтганлар: “Киши ўзига фойдаси бўлмаган нарсани қилмай, ўзига фойдали нарса билан машғул бўлмагунча нажот топмайди”.
Мусулмон ўзига фойдаси бўлмаган нарсалардан йироқ бўлиб, Исломини гўзаллаштириши керак. Ким беҳуда ишлар билан машғул бўлса, демак, унинг тоат-ибодатларида қусур бор.
Ҳакимлар: “Ўзингни тоат билан машғул қилмасанг, у сени маъсият билан машғул қилади”, деганлар.
Тошкент ислом институти проректори
Ҳошимхон АМАНОВ
тайёрлади.
(Ж. Шодиев уюштирди).
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати