Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2-курс талабалари учун 26 январдан 21 февралга қадар 4 ҳафталик танишув малакавий амалиёти ташкил этилди. Амалиёт назарий билимларни амалий тажриба билан уйғунлаштириш ва талабаларнинг касбий кўникмаларини оширишга қаратилган.
Талабалар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг таълим, Қуръон ва тажвид, масжидлар, халқаро алоқалар, кутубхона, хотин-қизлар ҳамда матбуот бўлимларида, шунингдек, Фатво маркази, «Вақф» фонди ва бошқа тизим ташкилотларида амалиёт ўтамоқдалар.
Амалиёт давомида улар иш жараёнлари билан танишиб, соҳа мутахассисларидан тажриба орттирмоқда, жамоада ишлаш ва мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирмоқдалар.
Мазкур жараён талабаларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси хотин-қизлар бўлими томонидан отинойилар иштирокида “ZООМ” платформаси орқали ўқув семинарлари ўтказиш йўлга қўйилди. Бунда ақида, фикҳ, сийрат, ҳадис, мавлид ва жаноза масалалари тўғрисида тушунчалар бериб борилади.
Бугун, 29 январ куни тизимда фаолият олиб бораётган отинойилар учун Ақида ва фикҳ фанлари доирасида ўқувлар бошланди. Икки мингдан зиёд тингловчи қатнашган, “Ислом шариатида поклик масалалари” деб номланган илк машғулотни "Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси Одинахон Муҳаммад Юсуф ўтказди.
Ўқув машғулотларини Фатво маркази мутахассислари, “Имом Бухорий” номидаги Тошкент ислом институти ва "Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчилари олиб бориши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати