Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2-курс талабалари учун 26 январдан 21 февралга қадар 4 ҳафталик танишув малакавий амалиёти ташкил этилди. Амалиёт назарий билимларни амалий тажриба билан уйғунлаштириш ва талабаларнинг касбий кўникмаларини оширишга қаратилган.
Талабалар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг таълим, Қуръон ва тажвид, масжидлар, халқаро алоқалар, кутубхона, хотин-қизлар ҳамда матбуот бўлимларида, шунингдек, Фатво маркази, «Вақф» фонди ва бошқа тизим ташкилотларида амалиёт ўтамоқдалар.
Амалиёт давомида улар иш жараёнлари билан танишиб, соҳа мутахассисларидан тажриба орттирмоқда, жамоада ишлаш ва мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирмоқдалар.
Мазкур жараён талабаларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги аппарати ходимлари учун Тошкент шаҳрига икки кунлик маърифий саёҳат ташкил этилди, хабар бермоқда "Зарафшон" нашри.
Саёҳат иштирокчилари дастлаб мамлакатимизнинг илмий ва маънавий салоҳиятини ўзида мужассам этган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлишди. Улар бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, буюк аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган ишлар билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг саёҳат дастури пойтахтнинг рамзий масканлари — Мустақиллик майдони ва «Янги Ўзбекистон» боғида давом этди. Шунингдек, иштирокчилар Тошкент шаҳридаги театрлар ва музейларга бориб, мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган янгиланишлар билан танишиш имконига эга бўлишди.
- Бундай саёҳатлар давлат хизматчилари учун нафақат мазмунли ҳордиқ, балки катта маънавий озуқа ҳамдир, - дейди вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Шерали Темиров. - Айниқса, Ислом цивилизацияси марказида яратилган шароитлар, бой тарихий меросимиз ва пойтахтимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари барчамизда чуқур таассурот қолдирди. Бу каби сафарлар жамоадаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, янги ғоя ва ташаббуслар билан қайтиш ҳамда иш фаолиятига янада катта иштиёқ билан киришишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати