Соғлом, бақувват, эпчил ва абжир киши ҳар доим қардланган. Шундай кишиларнинг кўп бўлиши натижасида жамият соғлом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан диний соҳа ходимлари ўртасида «Соғ танда – соғлом ақл» шиори остида спортнинг волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка турлари бўйича мусобақа бўлиб ўтяпти.
Бугун, 27 январь куни Тошкент вилоятида имом-хатиблар жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган стол тенниси мусобақаси юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказилди.
Диний соҳа ходимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кучли мўмин кучсиз мўминдан кўра Аллоҳга яхшироқ ва севимлироқдир» деган муборак ҳадисларини амалда исботладилар.
Табиийки, мусобақада кимдир ғолиб, кимдир эса мағлуб бўлади.
Ҳакам ҳайъати аъоларининг хулосаларига кўра:
1-ўринни Абуфайз домла Ҳусанбоев
(Бўстонлиқ тумани “Толи бува” имом ноиби);
2-ўринни Ботиржон домла Абдуғаниев
(Бекобод тумани “Амиров Дадахон” жоме масжиди имом-хатиби);
3-ўринни Ҳусан домла Ҳайдаров
(Оҳангарон тумани “Қурайш” жоме масжиди имом ноиби) қўлга киритди.
Ғолибларга совғалар улашилди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ