Қашқадарё вилоятида муборак Рамазон ойини юқори савияда кутиб олиш ва мўмин-мусулмонлар учун масжидларда қулай шарт-шароитлар яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тегишли буйруғи асосида ҳудудлардаги ибодат масканлари мавсумга шай ҳолатга келтирилмоқда.
Амалга оширилган асосий ишлар:
Масжид бинолари ва атрофи ободонлаштирилиб, санитария ҳолати яхшиланди;
Таҳоратхоналар, иситиш ва ёритиш тизимлари техник кўрикдан ўтказилди;
Таровеҳ намозларини хавфсиз ва тартибли ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар белгиланди.
Жорий йилнинг 28 январь куни вилоят ҳокимининг ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов Косон туманидаги масжидлар фаолияти билан танишдилар. Ўрганиш давомида намозхонлар учун яратилган имкониятлар кўздан кечирилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Бу каби ўрганиш ишлари вилоятнинг барча туманларида давом эттирилади. Мақсад — муқаддас ойни юксак руҳий кайфиятда, тинчлик ва осойишталикда ўтказишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Ахборот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин:
أَسْتَغْفِرُاللهَ الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ القَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ
"Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атубу илайҳ", деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривоятлари).
Маъноси: Ҳай ва қаййум сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан.