Бугун биз ахборот асрида яшаяпмиз. Тугмани босиш билан дунёнинг исталган нуқтасидаги янгиликдан бохабар бўламиз. Бироқ, бу имконият ўзи билан бирга маънавий инқирозни ҳам олиб келди.
Интернетдаги анонимлик ва чегарасизлик маданиятсизликка йўл очиб берди. Айниқса, сўнгги пайтларда тармоқларда олимларни, зиёлиларни ва ўз соҳасининг мутахассисларини ҳақорат қилиш, уларни обрўсизлантиришга уриниш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.
Тарихдан маълумки, қайси жамиятда илм аҳли қадрланса, ўша юрт юксалган. Олим – бу йиллар давомида мисқоллаб билим йиққан, уйқусиз тунлар, машаққатли меҳнат эвазига шу даражага чиққан ва жамиятга наф келтирадиган шахс бўлиб етишган. Уни ҳақорат қилиш нафақат бир инсонга, балки у ифодалаётган илмга, маърифатга ва тафаккурга қилинган тажовуздир.
Зиёли инсонларни қадрлаш шунчаки инсоний фазилат эмас, балки илоҳий буйруқдир. Қуръони Каримда олимларнинг мақоми ҳақида шундай марҳамат қилинади:
«...Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларга кўтарур...» (Мужодала сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло даражасини баланд қилиб қўйган шахсларни интернетда пастга уришга уриниш, нафақат илмга, балки илоҳий тақсимотга ҳам ҳурматсизликдир.
Олимларни обрўсизлантиришга уринишларнинг бир нечта сабаби бор:
Илмий баҳс-мунозара соғлом жамият белгиси. Агар бирор олимнинг фикрига қўшилмасангиз, унинг фикрларига илмий асосланган раддия ёзинг. Аммо шахсиятга ўтиш, оиласини ёки обрўсини тажовуз ва ҳақорат қилиш, бу заифлик ва маданиятсизлик аломатидир.
Илм аҳлини хор қилган жамиятда барака бўлмайди ва у ерда адолат қарор топмайди.
Шуни ёдда тутиш керакки, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, интернетдаги ҳақорат ва туҳмат учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган. Ижтимоий тармоқда ёзилган ҳар бир сўз учун қонун олдида жавоб беришга тўғри келиши ҳам мумкин.
Интернет бизнинг маданиятимиз кўзгуси. Бу кўзгуни ҳақорат ва нафрат билан эмас, ҳурмат ва илм билан тўлдирайлик. Зеро, олимларни асраш келажакни асраш демакдир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати