Бу дунё ҳаёти – синов.
Бу дунё ҳаёти – неъмат.
Бу дунё ҳаёти – омонат.
Бу дунё ҳаётида бахт қадрини билиш учун қайғу, сукунатни ҳис қилиш учун оламон, ёмғирни севиш учун жазирама, инсон қадрини билиш учун эса баъзан унинг йўқлиги керак бўлади...
Ақлли инсон билиб яшайдики, ҳар кун, ҳар дам ғанимат. Эртанги кунга кафолат берилмаган: “Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Луқмон сураси, 34-оят)
Биз эса, ҳаёт маънисини кўпинча мол-дунё, мансаб, шон-шуҳрат, роҳат билан деб ўйлаймиз. Лекин асл ҳаёт фақат бу дунё билан тугамайди. Демак, бу дунё ҳаёти – бир йўл, охират – манзил, бизлар эса йўловчилар эканмиз. Шундай экан, бизга манзилда керак бўладиган нарсаларга интилишимиз, шуларни захира қилишимиз лозим экан.
Акбаршоҳ Расулов
Шу йилнинг 7–11 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг делегацияси Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Ҳаж хизматлари халқаро кўргазмаси ва конференциясида қатнашади. Шунингдек, муборак сафарни юқори даражада ўтказиш билан боғлиқ вазифалар юзасидан икки томонлама музокаралар олиб борилади.
Мазкур делегация таркибидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Закиров, “Ҳаж” ва “Умра” бўйича атташе Шуҳрат Амоний ҳамда бир қатор соҳа мутахассислари ўрин олган.
Ушбу анжуманнинг асосий ўзига хослиги — зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқишдир. Хусусан, тадбирда ҳаж сафарини ташкил этишда рақамли технологиялар, сунъий интеллект имкониятлари ва илғор инновацион лойиҳалар тақдимоти ўтказилиши кутилмоқда.
Сафар давомида «Ҳаж–2027» мавсумини юқори савияда ва кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида делегациямиз томонидан бир қатор муҳим вазифалар амалга оширилади:
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти билан бўлажак мавсумга пухта ҳозирлик кўриш юзасидан музокаралар олиб бориш;
Бўлғуси ҳожиларимиз учун мўлжалланган меҳмонхоналар ва транспорт хизматларининг сифатини бевосита кўздан кечириш;
Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида зиёратчиларга яратиладиган шарт-шароитлар ва хизмат кўрсатиш ҳолатини ўрганиш;
Ҳаж жараёнларига масъул бўлган бошқа ҳамкор идоралар билан ўзаро алоқаларни муҳокама қилиш ва мустаҳкамлаш;
Ҳаж сафарини ташкил этишдаги муҳим йўналишлар бўйича ўқув-семинарларида иштирок этиш.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати