Бу дунё ҳаёти – синов.
Бу дунё ҳаёти – неъмат.
Бу дунё ҳаёти – омонат.
Бу дунё ҳаётида бахт қадрини билиш учун қайғу, сукунатни ҳис қилиш учун оламон, ёмғирни севиш учун жазирама, инсон қадрини билиш учун эса баъзан унинг йўқлиги керак бўлади...
Ақлли инсон билиб яшайдики, ҳар кун, ҳар дам ғанимат. Эртанги кунга кафолат берилмаган: “Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Луқмон сураси, 34-оят)
Биз эса, ҳаёт маънисини кўпинча мол-дунё, мансаб, шон-шуҳрат, роҳат билан деб ўйлаймиз. Лекин асл ҳаёт фақат бу дунё билан тугамайди. Демак, бу дунё ҳаёти – бир йўл, охират – манзил, бизлар эса йўловчилар эканмиз. Шундай экан, бизга манзилда керак бўладиган нарсаларга интилишимиз, шуларни захира қилишимиз лозим экан.
Акбаршоҳ Расулов
Жорий йилнинг 7-8 сентябрь кунлари Сурхондарё вилоятининг Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази мажлислар залида икки кунлик ўқув-семинари доирасида "Мафкуравий хатарларга қарши курашишда отинойиларнинг ўрни ҳамда масъулияти" мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакилининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда диний соха ходимлари иштирок этишди. Иштирокчиларга семинарнинг аҳамияти, "Ақида илмининг мохияти ва мотуридийлик таълимоти", "Ёт оқимлар ғояларига раддиялар" - Имом Мотуридий халқаро илмий- тадқиқот маркази катта илмий ходими И.Абдурахмонов, "Глобаллашув асрида аёлларни ғоявий тахдидлардан асраш" - Имом Мотуридий халқаро илмий- тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Ш.Жўраев ҳамда "Хотин-қизлар билан ишлашда услубий тавсиялар" - Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти Д.Турдиевалар мавзуларида сўз юритдилар.
Семинар давомида бугунги кунда учраётган мафкуравий таҳдидлар, уларнинг олдини олиш, жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, айниқса хотин-қизлар ўртасида маърифий фаолиятни кучайтиришда отинойиларнинг ўрни ва масъулияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек, иштирокчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, мавзу юзасидан фикр ва таклифлар муҳокама қилинди ҳамда қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилди.
Семинар-тренинг ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати