Бу дунё ҳаёти – синов.
Бу дунё ҳаёти – неъмат.
Бу дунё ҳаёти – омонат.
Бу дунё ҳаётида бахт қадрини билиш учун қайғу, сукунатни ҳис қилиш учун оламон, ёмғирни севиш учун жазирама, инсон қадрини билиш учун эса баъзан унинг йўқлиги керак бўлади...
Ақлли инсон билиб яшайдики, ҳар кун, ҳар дам ғанимат. Эртанги кунга кафолат берилмаган: “Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Луқмон сураси, 34-оят)
Биз эса, ҳаёт маънисини кўпинча мол-дунё, мансаб, шон-шуҳрат, роҳат билан деб ўйлаймиз. Лекин асл ҳаёт фақат бу дунё билан тугамайди. Демак, бу дунё ҳаёти – бир йўл, охират – манзил, бизлар эса йўловчилар эканмиз. Шундай экан, бизга манзилда керак бўладиган нарсаларга интилишимиз, шуларни захира қилишимиз лозим экан.
Акбаршоҳ Расулов
Ўмоннинг “Oman Daily” нашрида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафорумига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Нашрда ёзилишича, анжуманда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан 300 нафарга яқин журналист, тадқиқотчи, ношир, кинорежиссёр ва технология соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Тадбир қатнашчилари Ислом цивилизациясининг тарихий-маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали халқаро аудиторияга кенг тарғиб қилиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Мақолада Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, хусусан, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек ва Амир Темур каби буюк тарихий шахсларнинг бой илмий ва маданий мероси алоҳида эътироф этилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида қад ростлаган Ислом цивилизацияси марказининг ушбу тарихий бойликни атрофлича ўрганиш, асраб-авайлаш ва халқаро майдонда тизимли тарғиб қилишдаги стратегик аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган.
Форум доирасида қадимий Қуръон қўлёзмалари, тарихий хариталар, ҳужжатли фильмлар ҳамда инновацион рақамли лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Анжуман иштирокчилари Ислом цивилизацияси ҳақидаги халқаро медиа контентида мавжуд бўлган муайян стереотипларни бартараф этиш, унинг жаҳон илм-фани, маданияти ва умуминсоний тараққиётга қўшган бебаҳо ҳиссасини холис ҳамда кенг қамровли ёритиш зарурлигини бир овоздан таъкидлади.
Газетада Ўзбекистоннинг маданий дипломатия механизмларидан унумли фойдаланган ҳолда мамлакатнинг бой тарихий мероси ва Ислом цивилизациясидаги ўрнини жаҳон жамоатчилигига кенг етказиш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати