Бу дунё ҳаёти – синов.
Бу дунё ҳаёти – неъмат.
Бу дунё ҳаёти – омонат.
Бу дунё ҳаётида бахт қадрини билиш учун қайғу, сукунатни ҳис қилиш учун оламон, ёмғирни севиш учун жазирама, инсон қадрини билиш учун эса баъзан унинг йўқлиги керак бўлади...
Ақлли инсон билиб яшайдики, ҳар кун, ҳар дам ғанимат. Эртанги кунга кафолат берилмаган: “Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Луқмон сураси, 34-оят)
Биз эса, ҳаёт маънисини кўпинча мол-дунё, мансаб, шон-шуҳрат, роҳат билан деб ўйлаймиз. Лекин асл ҳаёт фақат бу дунё билан тугамайди. Демак, бу дунё ҳаёти – бир йўл, охират – манзил, бизлар эса йўловчилар эканмиз. Шундай экан, бизга манзилда керак бўладиган нарсаларга интилишимиз, шуларни захира қилишимиз лозим экан.
Акбаршоҳ Расулов
Малайзия ва Жануби-Шарқий Осиёда машҳур бўлган санъаткор Ҳофиз Ҳамидуннинг Ўзбекистонда суратга олинган “Salawat. The Beloved” номли янги мусиқий альбоми тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Малайзиялик санъаткорларнинг Ўзбекистонда ижодий лойиҳаларни амалга ошириш ва юртимизнинг бой тарихий-маданий меросини халқаро аудитория орасида тарғиб қилишга қизиқиши ортиб бормоқда.
Мазкур ижодий лойиҳа доирасида Ҳофиз Ҳамидун ва унинг ижодий жамоаси жорий йил август ойида Ўзбекистонга ташриф буюриб, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятида қатор видеоклипларни суратга олди.
Суратга олиш жараёнлари мамлакатимизнинг тарихий-маданий ва сайёҳлик салоҳиятини намоён этувчи қатор диққатга сазовор объектларда ташкил этилди.
Янги альбомнинг Малайзиядаги премьерасида 24 та электрон ва босма нашр, 40 дан зиёд ОАВ вакиллари иштирок этди. Ўзбекистонда суратга олинган альбом премьераси тўғрисида ижтимоий тармоқларда 100 га яқин пост ва материаллар эълон қилинди.
Тадбир доирасида Ҳофиз Ҳамидуннинг Ўзбекистоннинг бой исломий, тарихий ва маданий меросига бағишланган фото-кўргазмаси ҳам намойиш этилди. Эътиборлиси, хонанданинг таъкидлашича, янги альбом қисқа вақт ичида 1,4 миллиондан зиёд томошабин эътиборини жалб этган.
Бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг маданий ва сайёҳлик салоҳиятини Жануби-Шарқий Осиё аудиториясига етказишда замонавий медиа ва санъат лойиҳаларининг катта имкониятларга эга эканини кўрсатмоқда.
Мазкур медиа-лойиҳа Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ва Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда юртимизда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мамлакатда зиёрат туризми учун яратилаётган замонавий имкониятларни Жануби-Шарқий Осиё жамоатчилигига етказиш мақсадида амалга оширилди.
Ҳофиз Ҳамидуннинг ижодий лойиҳаси нафақат мусиқа ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик, балки Ўзбекистоннинг Малайзия ва АСЕАН минтақаси билан маданий ва туризм дипломатиясининг самарали намунаси сифатида ҳам аҳамиятлидир.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги тобора ривожланиб бораётган маданий-гуманитар ҳамкорлик ва халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларининг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати