Бу дунё ҳаёти – синов.
Бу дунё ҳаёти – неъмат.
Бу дунё ҳаёти – омонат.
Бу дунё ҳаётида бахт қадрини билиш учун қайғу, сукунатни ҳис қилиш учун оламон, ёмғирни севиш учун жазирама, инсон қадрини билиш учун эса баъзан унинг йўқлиги керак бўлади...
Ақлли инсон билиб яшайдики, ҳар кун, ҳар дам ғанимат. Эртанги кунга кафолат берилмаган: “Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Луқмон сураси, 34-оят)
Биз эса, ҳаёт маънисини кўпинча мол-дунё, мансаб, шон-шуҳрат, роҳат билан деб ўйлаймиз. Лекин асл ҳаёт фақат бу дунё билан тугамайди. Демак, бу дунё ҳаёти – бир йўл, охират – манзил, бизлар эса йўловчилар эканмиз. Шундай экан, бизга манзилда керак бўладиган нарсаларга интилишимиз, шуларни захира қилишимиз лозим экан.
Акбаршоҳ Расулов
Бугун, 2 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги "Мушки анбар" жоме масжидида жума намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга адо этдилар.
Жамоат намозидан аввалги мавъизада исломнинг энг гўзал хулқи бўлмиш ҳаё ва иффат, маънавий поклик ҳамда бугунги куннинг долзарб ижтимоий масалалари ҳақида таъсирли суҳбат қилинди.
Муфтий ҳазратлари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Ҳаё имондандир, имоннинг жойи эса жаннатдир. Беҳаёлик эса жафодандир, жафонинг жойи дўзахдадир”, деган муборак ҳадисларини келтириб, жаннатдан умидвор ҳар бир мўмин ҳаёни ўзига шиор қилиши лозимлигини таъкидладилар. Ҳаё – инсонни ёмонлик ва гуноҳлардан тўсиб турувчи энг гўзал зийнатдир.
Суҳбат давомида интернетдаги беҳаёликлар ва гуноҳ ишларни оддий ҳазил сифатида талқин қилишнинг оғир оқибатлари тушунтирилди. Қуръони каримдаги: “Албатта, имон келтирган кишилар орасида бузуқликлар тарқалишини хуш кўрадиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир” ("Нур" сураси, 19-оят), деган қатъий огоҳлантириш эслатилиб, бундай иллатлар ёшлар қалбини кўр қилиб, оилалар емирилишига сабаб бўлаётгани айтилди.
Шунингдек, жамиятдаги зарарли иллатлар ва уларнинг муолажаси ҳақида ҳам сўз юритилди.
Якунда юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати