Бу дунё ҳаёти – синов.
Бу дунё ҳаёти – неъмат.
Бу дунё ҳаёти – омонат.
Бу дунё ҳаётида бахт қадрини билиш учун қайғу, сукунатни ҳис қилиш учун оламон, ёмғирни севиш учун жазирама, инсон қадрини билиш учун эса баъзан унинг йўқлиги керак бўлади...
Ақлли инсон билиб яшайдики, ҳар кун, ҳар дам ғанимат. Эртанги кунга кафолат берилмаган: “Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Луқмон сураси, 34-оят)
Биз эса, ҳаёт маънисини кўпинча мол-дунё, мансаб, шон-шуҳрат, роҳат билан деб ўйлаймиз. Лекин асл ҳаёт фақат бу дунё билан тугамайди. Демак, бу дунё ҳаёти – бир йўл, охират – манзил, бизлар эса йўловчилар эканмиз. Шундай экан, бизга манзилда керак бўладиган нарсаларга интилишимиз, шуларни захира қилишимиз лозим экан.
Акбаршоҳ Расулов
“Malaysia International Halal Showcase” (MIHAS) халқаро ҳалол маҳсулотлар кўргазмаси доирасида Ўзбекистон миллий павильони ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Жорий йилги MIHAS кўргазмасида дунёнинг 80 га яқин давлатидан 1700 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи, савдо ва сервис компаниялари ўз маҳсулот ҳамда хизматларини намойиш этмоқда. Улар томонидан 2400 дан зиёд кўргазма стендлари ўрнатилган бўлиб, тадбир 14 та соҳа йўналишини қамраб олган.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг озиқ-овқат саноати ва экспортга йўналтирилган еттита корхонаси ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Хусусан, мамлакатимизнинг ички бозорда ҳам, халқаро майдонда ҳам фаол ривожланиб бораётган “Ermak”, “Ermak Plus”, “Crafers”, “NMedov” ва “Delice” каби брендлари томонидан сертификатланган 100 дан ортиқ турдаги ҳалол озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, миллий амалий санъат намуналари тақдим этилди.
Етакчи ўзбек брендлари томонидан намойиш этилган сифатли қуритилган мевалар, мева пастилалари, сара қандолат маҳсулотлари кўргазмага ташриф буюрган маҳаллий ҳамда хорижий меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди ва ижобий баҳоланди.
Тўрт кун давом этадиган мазкур тадбир ўзбек корхоналари учун муҳим аҳамият касб этади. Кўргазма маҳаллий компанияларга Малайзия ва бошқа хорижий давлатларнинг чакана савдо тармоқлари, улгуржи савдо компаниялари ва импортёрлари билан тўғридан-тўғри бизнес музокаралар олиб бориш имкониятини беради. Ўз навбатида, бу ўзбек маҳсулотларининг нафақат Малайзия бозорига, балки Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари бозорларига ҳам кенг йўл очишига хизмат қилади.
MIHAS (Malaysia International Halal Showcase) Малайзияда ўтказиладиган ҳалол маҳсулотларнинг энг йирик ҳар йилги халқаро кўргазмаларидан биридир. Кўргазма жаҳон ҳалол индустриясининг асосий иштирокчиларини бирлаштирувчи муҳим майдон ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати