Бу дунё ҳаёти – синов.
Бу дунё ҳаёти – неъмат.
Бу дунё ҳаёти – омонат.
Бу дунё ҳаётида бахт қадрини билиш учун қайғу, сукунатни ҳис қилиш учун оламон, ёмғирни севиш учун жазирама, инсон қадрини билиш учун эса баъзан унинг йўқлиги керак бўлади...
Ақлли инсон билиб яшайдики, ҳар кун, ҳар дам ғанимат. Эртанги кунга кафолат берилмаган: “Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Луқмон сураси, 34-оят)
Биз эса, ҳаёт маънисини кўпинча мол-дунё, мансаб, шон-шуҳрат, роҳат билан деб ўйлаймиз. Лекин асл ҳаёт фақат бу дунё билан тугамайди. Демак, бу дунё ҳаёти – бир йўл, охират – манзил, бизлар эса йўловчилар эканмиз. Шундай экан, бизга манзилда керак бўладиган нарсаларга интилишимиз, шуларни захира қилишимиз лозим экан.
Акбаршоҳ Расулов
Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Самарқандда илк бор XIV "Global Waqf" анжумани бўлиб ўтади. Мазкур нуфузли халқаро тадбирга тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида 11 ноябрь куни "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари Зайниддин домла Эшонқулов Самарқандда бўлди.
Сафар давомида дастлаб Имом Бухорий мажмуаси зиёрат қилинди. Зиёрат чоғида Қуръони карим тиловат қилиниб, савоби буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари руҳларига бағишланди.
Шундан сўнг Зайниддин домла Эшонқулов Малайзиянинг "Yayasan Restu" фонди асосчиси ва раҳбари Абдуллатиф Мираса ҳамда Nasyrul Quran академияси ижрочи директори Шайх Абдуллоҳ Собҳи Мареи билан учрашди. Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Қуръони карим нашри, диний-маърифий лойиҳалар ва келгусидаги истиқболли ташаббуслар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Зайниддин домла Эшонқулов "Yayasan Restu" фонди томонидан барпо этилган Nasyrul Quran меҳмонхонасининг очилиш маросимида иштирок этди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Nasyrul Quran академияси "Yayasan Restu" фондининг йирик лойиҳаларидан бири бўлиб, Қуръони каримни нашр этиш, мусҳафларни тайёрлаш, хаттотлик, безак санъати ва сифат назорати йўналишларида фаолият юритади. Nasyrul Quran академияси Қуръони каримни чоп этиш кўлами бўйича дунёда иккинчи йирик марказ ҳисобланади.
Алоҳида таъкидлаш керакки, "Yayasan Restu" фонди "Вақф" хайрия жамоат фонди билан изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, ўзаро ҳамкорлик доирасида Малайзия томони "Вақф" фондига 20 минг нусхада Қуръони карим ҳадя этган. Ушбу хайрли ташаббус икки ташкилот ўртасидаги мустаҳкам алоқалар, ўзаро ишонч ва диний-маърифий соҳадаги эзгу мақсадлар муштараклигининг ёрқин намунасидир.
Сафар давомида, шунингдек, 18 ноябрь куни Самарқандда ўтказиладиган XIV "Global Waqf" анжуманига тайёргарлик ишлари ҳам атрофлича кўздан кечирилди. Тадбирни юқори савияда ташкил этиш, халқаро меҳмонларни муносиб кутиб олиш, анжуман дастури ва ташкилий жараёнларини самарали мувофиқлаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Маълумот учун, XIV "Global Waqf" анжумани "Вақф ва исломий ижтимоий молияга янгича ёндашув: бошқарув, стандартлар, инновациялар ва барқарор ривожланиш йўллари" мавзусида ташкил этилади. Унда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларидан нуфузли вакиллар, соҳа мутахассислари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
"ВАҚФ" ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ ижтимоий тармоқлари