Азқ қудуғи (بئر عذق) — Мадинаи мунавварадаги машҳур қудуқлардан бири бўлиб, Қубо масжидидан тахминан 150-200 метр ғарбда жойлашган. Қудуқ ҳозирги кунда "Мустазол" (сояланиш жойи) деб номланувчи боғ ичида жойлашган.
Мадина аҳли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳижрат қилиб келганларида айнан шу қудуқ яқинида кутиб олишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага етиб келиб, Бану Амр қавми маҳалласига, Кулсум ибн Ҳадм розияллоҳу анҳуникида тўхтаганлар. Қавм У зотга шу ердаги боғнинг "мирбад"ини, яъни хурмо териб, қуритиладиган жойни ҳадя қилган.
Ушбу жойга Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ислом тарихидаги илк масжид Қубо масжидининг пойдеворини чизиб, қуришни бошлаганлар.
Ҳозирги кунда Азқ қудуғи кўмилиб кетмаган, ҳануз фойдаланилмоқда. У ерга сув насоси ўрнатилган бўлиб, зиёратчилар Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам давридагидек, ундан таҳорат олишлари ва ичишлари мумкин.
Тошкент ислом институти
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
Жорий йилнинг 2–3 сентябрь кунлари Қоҳира шаҳрида Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этади. Маълумки, жорий йил июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Бутунжаҳон Фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти аъзолигига қабул қилинган эдилар.
Халқаро йиғинда дунёнинг таниқли муфтийлари, фатво ва фиқҳ марказлари уламолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, Ал-Азҳар дорулфунуни каби нуфузли олийгоҳлар профессорлари ҳамда соҳа мутахассислари жам бўлади.
Кун тартибида сунъий интеллект, жадал рақамлаштириш ва замонавий биоэтика замонида оила институти мустаҳкамлигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш ҳамда маънавий инқирозларга исломий қадриятлар асосида шаръий ва илмий ечимлар топиш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати