Бугун Халқаро исломшунослик академиясида “Инсоний биродарлик ва динлараро мулоқот – халқаро ҳамжиҳатлик омили” мавзусида халқаро илмий-амалий семинар ўз ишини бошлади. Тадбирда UNESCO халқаро ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси UNESCO миллий комиссияси, Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, таниқли олимлар, турли конфессия вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этмоқда.
Семинар БМТ Бош Ассамблеясининг 2010 йил 20 октябрдаги резолюциясига мувофиқ белгиланган “Динлараро ҳамжиҳатлик ҳафталиги” ҳамда 2020 йил 21 декабрда қабул қилинган резолюция асосида нишонланадиган “Халқаро инсоний биродарлик куни” муносабати билан ташкил этилди.
Тадбирлар ҳафталиги жорий йилнинг 3–5 февраль кунлари Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида “Инсоний биродарлик ва динлараро мулоқот – тинчлик ва барқарорлик омили” шиори остида ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати