Инсон ҳар бир аъзосининг алоҳида вазифаси бор. Масалан, кўзнинг вазифаси кўриш, қулоқники эшитиш, тилга сўзлаш вазифаси юклатилган, қалбнинг иши эса севишдир. Қалб ё Аллоҳ таолони севади ёки У зотнинг махлуқларини яхши кўради. Банданинг қалбида ё охират муҳаббати ёки дунё муҳаббати бўлади. Охиратнинг муҳаббати билан қалб яхшиликларга шошади. Дунё муҳаббати борасида эса ҳадиси шарифда бундай таърифланади:
حُبُّ الدُّنْيَا رَأْسُ كُلِّ خَطِيئَةٍ
“Дунё муҳаббати барча ёмонликларнинг бошидир” (Имом Байҳақий ривояти).
Уламоларимиз ушбу ҳадиснинг шарҳини бундай баён қилганлар:
وَ تَرْكُهَا مِفْتَاحُ كُلِّ فَضِيْلَةٍ
“Дунёнинг муҳаббатини )қалбдан( чиқариш ҳар бир фазилатнинг калитидир”.
Яъни, дунё муҳаббатини қалбдан чиқариб ташлаб, Аллоҳ таолонинг муҳаббатини қалбга жойлаш мукаммал мўминликдан далолатдир.
"Илоҳий ишқ" китобидан
Нодир Одинаев таржимаси
Бугун, 14 сентябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ўз ишини бошлади.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров ҳамда бошқа қардош ва хорижий давлатлар уламоларидан иборат нуфузли делегациялар иштирок этмоқда.
Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган муфтийлар ўз маърузаларида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар:
– Кенгаш қошидаги Фатво ҳайъати фаолиятини ривожлантириш, уммат учун зарур қўшма фатволар ишлаб чиқиш ва замонавий масалаларга шаръий ечим топиш;
– диний таълим муассасаларида устоз ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-услубий лойиҳаларни амалга ошириш;
– экстремизм, терроризм, такфирчилик, исломофобия ва мазҳаблараро низо қўзғаш каби таҳдидларга қарши якдил маърифий курашни кучайтириш.
Шунингдек, Уламолар диний-маърифий соҳадаги ана шундай ҳамкорлик бутун Туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Анжуман давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати